Украиналик болалар портлашлар овозини унутиш учун Ўзбекистонга келди
Жамият
−
17 Август 2023
40788Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафардан иборат болалар гуруҳи Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Украина элчихонаси томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус ўзбекистонлик бизнес вакиллари ва жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган.
“Ўзга давлатга саёҳат, у ернинг маданияти, анъаналари ва одатлари билан танишиш ҳар бир инсоннинг болалик орзуси бўлган. Кеча украиналик бир гуруҳ болаларнинг шундай орзуси ушалди”, дейди Микола Дорошенко.
Болалар Украинанинг турли бурчаклари, Харьков, Херсон, Запорожье, Суми, Хмелниский, Льаов ва пойтахт Киевдан олиб келинган. Дам олиш ва саломатликни қайта тиклаш учун жами 45 нафар бола ва 2 нафар кузатувчи Тошкентга келган. Улар 12 кун мобайнида “Анор” болалар оромгоҳида дам олади.
“Украина элчихонасининг болалар руҳий мувозанатини тиклаш, Украина шаҳарларининг ҳар кунлик ҳаво тревогалари ва ракета зарбаларини унутишга ёрдам бериш учун қилган мурожаатига лаббай деб жавоб берган Ўзбекистон бизнес ва нотижорат ташкилотлари вакилларига катта ташаккур”, дейди элчи.
Маълум қилинишича, болалар Польшанинг Катовице шаҳри орқали Ўзбекистонга келтирилган.
LiveБарчаси