“Низолар тинчликка жиддий таҳдид солмоқда”. Мирзиёев Украина, Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳақида гапирди
Жамият
−
07 Апрель
3902Сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида сўз очди.
Президент жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганини қайд этди ва Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.
“Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини албатта беради”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, у энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблашини билдирди.
“Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир”, деди Президент.
Мирзиёев Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида ҳам тўхталиб, ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблашини қўшимча қилди. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонч билдирди.
“Умуман олганда, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади. Биз бу борада Бош котиб Антониу Гутерришнинг мазкур халқаро ташкилотни чуқур ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, Евросиё гуруҳининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган баёнотини тўла олқишлаймиз”, деди Президент.
Маълумот учун, анжуманда 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд делегатлар қатнашмоқда. Ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтмоқда.