Трамп Путинга ўт очишни тўхтатиш учун 3 кун муҳлат берди
Олам
−
18 Апрель
10077АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путинга Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ таклифига шу ҳафта охиригача жавоб бериш талабини қўйди. Бу ҳақда у кеча, 17 апрель куни журналистларга берган баёнотида сўз очди.
“Биз уларнинг жавобини шу ҳафта, жуда яқин орада эшитамиз. Биз хоҳлаймизки, одамлар ўлдирилиши тўхтасин”, деди Трамп.
Трамп, шунингдек, 24 апрелгача Вашингтон ва Киев АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдам учун қилган харажатларини қоплаш мақсадида табиий ресурслар бўйича келишув имзолаши мумкинлигини айтган. “Bloomberg” манбаларига кўра, бу қарз миқдори музокаралар давомида уч баравар камайтирилган, яъни 300 млрд доллар ўрнига 100 млрд доллар этиб белгиланиши мумкин.
“Axios” маълумотларига кўра, агар Путин апрель охиригача сулҳга рози бўлмаса, АҚШ янги санкциялар жорий этишга тайёр. “Fox News” эса Трампнинг Путиндан норозилиги ошганини ёзмоқда. У Россия томонини музокараларни атайлаб чўзаётганликда айбламоқда. Нашрга кўра, Оқ уй Россиянинг “соя флоти”га қарши қаттиқ чекловларни жорий қилишни кўриб чиқмоқда. Трамп бундан олдин Россия нефтини харид қилаётган давлатларга 500 фоиз бож солиши мумкинлигини ҳам айтган.
Шу билан бирга, бугун, 18 апрель куни Украина ва Россия ўртасидаги энергия объектларига зарба бермаслик бўйича келишув муддати тугайди. Россия ушбу келишувни узайтириш ҳақида ҳали ҳеч нарса демади. Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Москва бу борада АҚШга “муайян сигналларни” етказади.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Украинадаги можарони тартибга солиш бўйича АҚШ билан музокаралар мураккаб кечаётганини тан олган.
“Жараён етарлича қийин кечмоқда”, дейди у.
Песков бунда Украина ва “уруш лочинларига айланган” Европа давлатларини айблаган.
“The Moscow Times” нашрининг Кремль позициясидан хабардор манбаларга таяниб ёзишича, Путин музокараларда максимал талабларини сақлаб қолмоқда.
Март охирида Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокараларда Россия делегацияси Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятлари тўлиқ, яъни маъмурий чегаралари билан Россия таркибида бўлиши кераклигини талаб қилган. “The Moscow Times” манбасига кўра, Россия, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларини, масалан, Днепропетровск ёки Суми вилоятини вақтинча босиб олиб, уларни Херсон ёки Запорожье вилоятларига алмашишни таклиф қилиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, март ойида АҚШ Украинада 30 кунлик вақтинча оташкесим ўрнатиш ва кейинчалик урушни тўлиқ тугатиш бўйича келишувга эришишни таклиф қилганди. Киев бу таклифни қисман қабул қилди. Россия Президенти Владимир Путин эса ушбу ташаббус юзасидан фикр билдириб, айрим муҳим жиҳатларга, жумладан, Украина армиясининг қайта қуролланиши хавфини олдини олиш зарурлигига эътибор қаратди.
АҚШнинг Россия ва Украина билан ўтказган алоҳида маслаҳатлашувлари натижасида томонлар энергетика объектларига нисбатан зарбаларни тўхтатиш, кейинчалик эса Қора денгиздаги ҳужумлардан воз кечиш бўйича келишувга эришди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Украинада давом этаётган уруш оқибатида ҳаётдан кўз юмаётган одамлар сонини “жуда кўп” деб баҳолаб, Россияни можарони ҳал қилиш йўлида ҳаракат бошлашга чақирганди.
LiveБарчаси