АҚШ Украина ва Россия орасидаги даллолликдан воз кечиши мумкин

Олам

image

Агар яқин кунларда Россия ва Украина ўртасида тинчлик битимига эришишда силжиш бўлмаса, АҚШ воситачилик саъй-ҳаракатларини тўхтатади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бугун, 18 апрель куни Парижда Украина ва Европа етакчилари билан учрашувдан сўнг маълум қилди.  

Унинг айтишича, агар келишув эҳтимоли яққол кўринмаса, Вашингтон воситачиликдан воз кечади. Рубио, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳали ҳам тинчлик битимини имзолашга қизиқиш билдираётганини, аммо бошқа глобал устувор йўналишлари кўплигини таъкидлаган. Агар прогресс бўлмаса, АҚШ бу масалани ортга суришга тайёр.

“Агар тинчлик имконияти бўлса, биз борамиз. Бўлмаса, бошқа устувор йўналишларимиз бор”, дейди Марко Рубио.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги уч йил давомида АҚШ Украина тарафида бўлган, ҳозир эса можаронинг тугашини истайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путинга Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ таклифига шу ҳафта охиригача жавоб бериш талабини қўйган эди. “Axios” маълумотларига кўра, агар Путин апрель охиригача сулҳга рози бўлмаса, АҚШ янги санкциялар жорий этишга тайёр. “Fox News” эса Трампнинг Путиндан норозилиги ошганини ёзмоқда. У Россия томонини музокараларни атайлаб чўзаётганликда айбламоқда. Нашрга кўра, Оқ уй Россиянинг “соя флоти”га қарши қаттиқ чекловларни жорий қилишни кўриб чиқмоқда. Трамп бундан олдин Россия нефтини харид қилаётган давлатларга 500 фоиз бож солиши мумкинлигини ҳам айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг