Швейцария банкида Лола Тилляевага алоқадор шубҳали пуллар аниқланди

Жамият

image

Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (OCCRP) ва “Le Monde” Швейцариянинг Reyl Intesa Sanpaolo банки ҳамда Швейцария Молиявий бозорларни назорат қилиш органи (FINMA) ўртасидаги махфий ёзишмаларни қўлга киритди. Уларда регулятор банкда “пул ювиш соҳасидаги заифликлар” мавжудлигини ва юқори хавфли ҳисобларни юритишда камчиликлар бўлганини тергов қилгани кўрсатилади. Мазкур ёзишмаларнинг Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляевга ҳам алоқадор экани аниқланган. Бу ҳақда OCCRP эълон қилган мақолада сўз боради.  

Мақолада ёзилишича, FINMA томонидан юборилган бир нечта батафсил мактублар ва уларга Reyl банкининг жавоблари 2023 йил ёзида ўтказилган текширув давомида “пул ювиш хавфига жуда юқори даражадаги тайёрлик” ва “зарур эҳтиёт чораларига лоқайдлик” аниқланганини фош қилади. 2024 йил январь ойида банкка юборилган хатга кўра, FINMA ўз текширувини регулятор қонунчилик бузилишларини кўриб чиқадиган ижро этувчи бўлимга оширган.   

2012 йилда FINMA Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев мижоз бўлган Fidurhô номли бойликларни бошқариш фирмаси билан муносабатлар “алоҳида даражада юқори” хавф туғдиришидан огоҳлантирган. Орадан икки йил ўтиб уларнинг компания ҳисоблари 190 миллион Швейцария франкигача ошгани аниқлангач, FINMA Fidurhô’дан улар билан алоқани узишни талаб қилган. Бу ҳақда кейинчалик Швейцария Молия департаменти эълон қилган қарорда баён этилган.   

Фирмадан алоқани узиш сўралганда, Fidurhô рад жавоби берган. Шундан сўнг FINMA компания лицензиясини тортиб олиш билан таҳдид қилган. Кейинчалик, Fidurhô асосчиларидан бири Тилляев билан боғлиқ шубҳали ҳисоб ҳаракатларини билдирмагани учун жаримага тортилган. 

OCCRP қўлга киритган ёзишмаларга кўра, 2020 йилда Тилляевнинг Liobel Limited Inc. компанияси Reyl банкида ҳисоб очган. Уч йил ўтиб эса Тилляевнинг ўзи ҳам банкда шахсий ҳисобини очган. 2023 йил декабрь ҳолатига кўра, ҳисоблардан бирида 83 миллион франк (97 миллион АҚШ доллари) сақланган.   

2024 йил январь ойида регуляторлар Reyl’дан Тилляевга тегишли ҳисоблар бўйича ҳужжатларни, шунингдек, Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган барча мижозлар ҳақида маълумотларни тақдим этишни буюрган. Банк эса FINMA'га Тилляев ҳисобларини қайта кўриб чиқаётганини билдирган, бунга сабаб сифатида Лола Каримова-Тилляеванинг опаси Гулнора Каримова ҳақида чиққан салбий хабарлар фонида “потенциал юқори обрў” келтирилган.

Тилляев мазкур хабарлар юзасидан юборилган сўровларга жавоб бермаган.

Маълумот учун, Лола Каримова-Тилляева отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда “The Harmonist” атторлик буюмлари брендига асос солган.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Лола Каримова-Тилляева Тимур Тилляев Швейцария банки шубҳали пуллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг