Эркинжон Турдимов сирдарёлик раҳбарлардан диктант олди. Баҳолар қандай?

Жамият

image

Бугун, 17 апрель куни Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган ҳокимлик соатида давлат идораларида фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олиш амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан барча ташкилотларда ҳужжатлар ва расмий ахборотларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштириш тўлиқ жорий этилган. Қайд этилишича, ушбу қарорнинг Сирдарё вилоятидаги ижроси вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги ҳокимлик соатида атрофлича муҳокама этилган.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида бир қатор ташкилот ва муассасаларда қарор талабларига риоя этилмаётгани аниқланган. Хусусан, Маҳаллалар уюшмаси, Солиқ, Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва молия бошқармалари, айрим тижорат банклари ҳамда йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарида иш юритишда кирилл алифбосидан фойдаланиш, имловий ва услубий хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилган. Бу каби камчиликлар корхоналар бўйича алоҳида муҳокама этилган ва танқид қилинган.

“Давлат идораларида фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олиш амалиёти ўтказилди. Афсуски, натижалар ижобий эмас”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар раҳбар ходимидан 6 нафари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 5 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари, “Ўзтелеком” АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар раҳбар ходимидан 7 нафари, “Ўзбекистон почтаси” АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олган.

Бу ҳолат вилоят раҳбарияти томонидан жиддий танқидга олинган. Эркинжон Турдимовнинг таъкидлашича, давлат тилида иш юритиш қонун талаби бўлиб, унга риоя қилиш ҳар бир раҳбар ва масъул шахснинг фуқаролик бурчи ҳисобланади.

Маълум қилинишича, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилган. Саводхонликни ошириш, раҳбар кадрларни босқичма-босқич давлат тилида иш юритиш асосларига ўргатиш ва уларни малака ошириш марказларига жалб этиш юзасидан чоралар белгилаб олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё Эркинжон Турдимов диктант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг