“Ойлик – учинчи масала”. Лукашенко яна ўзбекистонлик мигрантлар ҳақида гапирди (видео)

World

image

Беларусь резиденти Александр Лукашенко мамлакат қишлоқ хўжалигида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ойлиги – учинчи масала эканини айтди. Бу ҳақда у Витебск вилояти губернатори Александр Рогожник билан учрашув чоғида сўз очди.

Лукашенко Витебск вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ишлари билан бир қаторда Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталган.

“Жумладан, ўзбекистонликлар ҳам. Чунки улар аввало сизнинг ҳудудингизга келди. Бироқ, бир нарсани унутманг: биринчи ўринда сут ва гўшт ишлаб чиқариш туради. Агар ишчи кучи етарли бўлмаса, майли, улар ишласин. Уларнинг ойлиги эса учинчи масала”, деган Беларусь фуқароси.

Лукашенконинг айтишича, Беларусь ва Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ҳамкорлиги ўзаро манфаатларга асосланган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Беларусдан озиқ-овқат маҳсулотлари олиш ҳамда қишлоқ хўжалигига инвестиция киритишга қизиқиш билдирган.

Шу билан бирга, у Беларусь зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришга тайёрлигини билдириб, ишчи кучига эҳтиёж нафақат Витебск вилоятида, балки Могилёв, Гомель ва Гродно вилоятларида ҳам мавжудлигини қайд этган. Беларусь резидентининг сўзларига кўра, хорижлик ишчиларни жалб этиш мақсадли равишда амалга оширилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда ишчи кучи тақчиллиги кузатилаётгани боис мамлакат раҳбари Александр Лукашенко аввалроқ ўзбек оилаларини Беларусга кўчиб келиб, ишлаш ва яшашга таклиф қилганди. Шунингдек, у мамлакатга меҳнат мигрантларини жалб этиш тартиби ҳамда уларга қўйиладиган талабларни ҳам очиқлаган эди.

Қайд этиш жоиз, Лукашенконинг ушбу баёноти мамлакатга ишлаш учун борган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг у ердаги даромад ва меҳнат шароитлари масаласида Андижон вилояти ҳокимига йўллаган мурожаати тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган бир пайтда янграганди. Видеомурожаатда фуқаролар Беларусда иш берувчи томонидан таклиф қилинган 500 АҚШ долларилик ойлик ўта камлиги ҳамда бу шароитда хорижда ишлашдан кўра, Ўзбекистонга қайтиб, меҳнат қилиш маъқул эканини айтган.

Кейинроқ маълум бўлишича, фуқароларнинг Беларусга ишга юборилиши Андижон вилояти ҳокимлигининг пилот лойиҳаси бўлиб чиққан. Унда иш бўйича шартларни Андижон вилояти ҳокимлиги эълон қилган ва маҳаллий ҳокимликлар орқали одамларни йиғган. Беларусга ишга борган 200 нафар одамнинг ҳаммаси битта жойда ишламайди ва ҳар хил иш берувчиларга бўлиниб кетган. Шу сабабли ҳамма иш берувчида ойлик маош, ваканция, яшаш ва ишлаш шароитлари ҳар хиллиги маълум бўлганди.

Шундан сўнг, ушбу воқеалар фонида Беларуснинг Витебск шаҳрида Миграция агентлиги ваколатхонаси очилиши белгиланди ва инвестиция ҳамда ташқи савдо масалаларига бефарқлиги айтилган Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров лавозимидан озод этилди.

Воқеалар сўнгида эса Лукашенко Беларусга юқори маош топиш умидида бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга Россияда ишлашни тавсия қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends