Новосибирскда Jeep Ўзбекистон фуқаросини уриб юборди
Crime
−
09:48 888 1 minute
Россиянинг Новосибирск шаҳрида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган Ўзбекистон фуқаросини Jeep автомобили уриб юборди. ЙТҲ оқибатида жароҳатланган фуқаро шифохонага ётқизилиб, унинг ҳолати Ўзбекистон Бош консулхонаси назоратига олинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига ушбу шаҳарда содир бўлган ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқаро Г.К. тўғрисида маълумот келиб тушган. Мазкур ҳолат юзасидан Бош консулхона консуллик ходими ва Миграция агентлигининг ҳудудий вакили зудлик билан фуқаро ётқизилган 2-сонли шаҳар тез ёрдам шифохонасига ташриф буюрган.
Аниқланишича, фуқаро Новосибирск шаҳри Висоцкий кўчаси 42-уй ёнидаги пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган вақтида қора рангли Jeep русумли енгил автомобили томонидан уриб юборилган. Ҳайдовчининг ўзи тез ёрдам хизматини чақириб, жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаган.
Тиббий ташхисга кўра, фуқаронинг синган суяклари битгунига қадар уни кўчиришга қарши кўрсатмалар мавжуд.
Бош консулхона томонидан фуқарога етказилган зарарни қоплаш ҳамда ушбу ҳолат юзасидан қонуний тартибда жабрдор мақомини беришни сўраб Россия ТИВнинг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонасига расмий нота юборилган. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Бош консулхонанинг қатъий назорати остида.
Live
All