Исроил элчиси Қозоғистон ТИВга Ал-Ақсо масжидидаги тўқнашув бўйича изоҳ берди

Олам

image

Исроилнинг Қозоғистондаги элчиси Эдвин Ябо Глусман Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида яқинда содир бўлган тўқнашувлар бўйича Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига изоҳ берди. Бу ҳақда “Sputnik Казахстан” хабар қилди

Элчининг таъкидлашича, тўқнашувлар ортида диний байрамлар олдидан Яқин Шарқдаги вазиятни беқарорлаштирмоқчи бўлган ҲАМАС ҳаракати турибди. 

“Кескинлик Фисиҳ байрамидан олдин бошланган. 300 га яқин ёшлар Қуддусдаги энг йирик масжид бўлган Ал-Ақсони эгаллаб олди. Улар ўзлари билан тошлар, тўмтоқ буюмлар, арматура олиб келди ва ичкаридан қулфланиб олди. Эрталаб соат 4-5 ларда, уларни ташқарига чиқишга ишонтиришга уриниб кўрилгач, полиция чақирилди, кейин улар кейинги ибодатга келганларга Ал-Ақсони бўшатиш учун тегишли тергов муассасасига жойлаштирилди. Бизда бу ҳаракат ҲАМАС ва шунга ўхшаш Исломий ташкилотлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланганига шубҳа йўқ”, дейди Эдвин Ябо Глусман. 

Элчининг айтишича, бу ташкилотларнинг ҳақиқий Ислом билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, зеро Ислом зўравонликни талаб қилмайди.

Эдвин Ябо Глусманнинг сўзларига кўра, масжидда содир бўлган воқеадан сўнг тинч аҳолига ҳужумлар уюштирилган ва оқибатда Лондонда туғилган икки исроиллик аёл ва Италия фуқароси ўлдирилган, шунингдек, Исроил ҳудудига Ғазо сектори, Ливан ва Сурия ҳудудларидан ракеталар учирилган.

“Биз матбуотда ушбу вазиятни акс эттирувчи баъзи мақолалар пайдо бўлганига гувоҳ бўлдик. Аммо, биласизми, мен ушбу мақолаларнинг мазмуни билан танишганимда, вазият нотўғри талқин этилгани ва тушунмовчиликлар бўлганини ҳис қилдим. Мен Қозоғистон Республикаси раҳбарияти билан боғланиб, Қозоғистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан аниқ тушунча мавжудлигига ишонч ҳосил қилдим. Қуддус масаласи ҳамма учун жуда муҳим бўлиб қолаётганини тушунаман. Аммо баъзида қарама-қарши томон атайлаб муайян чораларни кўраётганини ва можарони кучайтираётганини тушуниш жуда қийин. Буларнинг барчаси қарама-қаршиликнинг кучайишига олиб келади”, деди Исроилнинг Қозоғистондаги элчиси.

Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҳукумати мусулмонларнинг эътиқод эркинлигига тўсқинлик қилмайди ва барча динларнинг вакиллари ўзларининг диний зиёратгоҳларидан фойдаланишлари мумкин.

“Келишувга эришолмаганимиздан жуда ранжидим. Биз бу келишувдан том маънода миллиметрлар узоқликда эдик. Лекин мен оптимизмни сақлайман. Биз Иброҳимнинг авлодларимиз, биз генетик жиҳатдан фаластинликларга жуда яқинмиз. Шунинг учун тинчликка эришишдан бошқа ҳеч қандай йўл йўқ”, дея сўзини якунлайди Эдвин Ябо Глусман.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 март куни фаластинлик 26 ёшли йигит Исроил ҳарбийларининг ҳужумига учраган аёлни ҳимоя қилишга уринганида отиб ўлдирилган эди. 5 апрель куни эса Исроил хавфсизлик кучлари Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа воситалар ёрдамида ҳужум қилди. Оқибатда ўнлаб фаластинликлар жароҳат олганди. Ушбу ҳаракат кўплаб норозилик намойишларини келтириб чиқарди. 6 апрель куни эса Ливан ҳудудидан Исроилга қарши ракета зарбалари берилди. Бунга жавобан Исроил ҲАМАС ҳаракатининг Ғазо секторидаги ўқув базаси ва ҳарбий постларига ҳужум қилди. Шундан сўнг, Ливан ҳудудига ҳам ҳужум уюштирилди.  

Европа Иттифоқи Исроилдаги ҳужумларни қоралаб, томонларни вазмин бўлишга чақирган бўлса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эронлик ҳамкасби Иброҳим Раисийни Исроилга қарши бирлашишга чақирганди. Қозоғистон Яқин Шарқда кескинлик кучайганидан хавотир билдирган, “Толибон” эса фаластинликларга қилинган ҳужумни қоралаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ал-Ақсо Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг