“Довон” ошган доллар курси, ЎФАдаги тайинловлар, мукофотланган шифокор ва бошқа хабарлар

Жамият

Якунига етаётган 22 июлнинг энг муҳим воқеаларининг қисқа тафсилоти билан танишинг.

ХТВ ота-оналар учун яна бир хизматни ишга туширди

Халқ таълими вазирлиги фарзанди мактаб ёшига етган ота-оналар  учун яна бир хизматни йўлга қўйди. Ҳозирча янги хизмат Тошкент шаҳридаги мактабларни қараб олган. Янги хизмат – gis.uzedu.uz – ота-оналарга ўзларининг микроҳудудлари ва уларнинг ҳудудларидаги мактабларни аниқлаб олиш имкониятини беради.

1 октябрдан “доверенность” бекор қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳага мувофиқ қатор битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши режалаштирилмоқда.

Тоқеав хушомадга қандай қарайди?

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўзига айтиладиган хушомадларга аҳамият бермайди.

“Менга кўп ҳам хушомадлар бўлмайди. Балки, бу мен унга аҳамият бермаслигим билан боғлиқдир. Очиқ айтсам, нафақат аҳамият бермайман, хушомад менга умуман ёқмайди. Тўғри аллақачон бунга ҳаракатлар бошланган. Баъзилар Ўзбекистонга ташрифимдан кейин “қойилмақом”, “бунақаси бўлмаган”, “сиз жуда яхши кўриндингиз” каби ҳушомадларни эшитдим”, деган Тоқаев.

ХАЭА бош директори Юкия Амано вафот этди

Бугун, 22 июль куни Халқаро атом энергияси агентлиги Бош директори Юкия Амано 72 ёшида вафот этди. “ХАЭА котибияти чуқур қайғу билан Бош директори Юкия Аманонинг ҳаётдан кўз юмганини маълум қилади”, дейилади хабарда.

Доллар курси 8600 сўмлик “довон”дан ўтди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 23 июлдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

Унга кўра, 1 АҚШ доллари 8624,51 сўмга тенг бўлиб, ўтган ҳафтага нисбатан 40,01 сўмга қимматлашган.

Украинада сайлов: Зеленский партияси мутлақ ғалабага яқин

Кеча, 21 июль куни Украинада муддатидан аввал парламент сайлови ўтказилди. Парламентга 225 депутат партиялар рўйхатидан, қолган ярми мажоритар округлардан сайланади. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг партияси “Халқ хизматкорлари” (Слуга Народа) сайлов натижаларига кўра, Олий Радада 247 ўринга эга бўлиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг 50 фоиз овозларни кўргандан кейинги натижалар шундан дарак беряпти.

2 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолган шифокор мукофотланди

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида отоларинголог-шифокор клиник ўлим ҳолатига тушган 2 ёшли болани қутқариб қолгани ҳақида хабар берган эдик. Шифокор Сергей Тобиас QALAMPIR.UZ билан суҳбатда болани қандай қилиб қутқаргани ҳақида гапириб берганди.

Мазкур жараёнда қаҳрамонлик кўрсатган 41 ёшли шифокор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эътиборидан ҳам четда қолмади. Сергей Владимирович Тобиас “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланиб, ушбу мукофот соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов томонидан тоширилди.

Туркманбошини “ўлдирган” Рубаев узр сўради

Кеча, 21 июль куни халқаро ва маҳаллий ОАВда Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур хабарларда ягона манба сифатида Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаев келтирилганди. 

Ўзбекистондаги ўртача ойлик қанча?

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси мамлакатдаги юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақини ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи  2 млн 92,6 минг сўмни ташкил этмоқда. 

Ўзбекистоннинг энг кўп аҳолиси қайси ҳудудларда экани айтилди

Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра 33 миллион 523,6 минг кишини ташкил этган. Бу ҳақда Давлат стастистика қўмитаси хабар бермоқда. 2019 йил бошидан 268,1 минг кишига ёки 0,8 %га ўсган.  Жумладан,  шаҳар аҳолиси сони 16 миллион 939,6 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,5 %),  қишлоқ аҳолиси сони 16 миллион 584,0 минг кишини (49,5 %) ташкил этди.

Уй томидан ўзбекистонликнинг жасади топилди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилди. Бош консулхона берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 19 июль куни мазкур шаҳарнинг Москва туманидаги уй томида Ўзбекистон фуқароси У.А.нинг жасади топилган. Полиция ўлимга электр токи уриши сабаб бўлганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Мирзиёевнинг дўсти ишдан кетди

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алан Дункан лавозимини тарк этди. У Британияда ўтказиладиган Бош вазир сайловига бир кун қолганда истеъфо бергани айтилмоқда. Қайд этилишича, Алан Дункан собиқ Ташқи ишлар вазири Борис Жонсоннинг Бош вазир бўлишига қарши.

Собиқ Президентни сўроқ қилишга келган вазир ўринбосари уйга киритилмади

Бугун, 22 июль куни Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов ва тергов гуруҳи Алмазбек Атамбоевни терговга чақириш учун унинг резиденциясига келди. Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, қуруқ қўл билан ортга қайтди.

Кападзе ва Ҳайдаров ЎФАда масъул лавозимга тайинландилар

Футболдаги фаолиятини тугатган ярим ҳимоячи Азизбек Ҳайдаров Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар бўлимида иш бошламоқда. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати ёзди. Унга турли ёшдаги барча терма жамоалар ишини мувофиқлаштириш каби масъулиятли вазифа топширилган. 

Ҳайдаров билан бир даврда терма жамоада тўп сурган ўзбек футболининг яна бир афсонавий вакили, учрашувлар сони ва титуллар бўйича Ўзбекистонда рекордчилардан бири ҳисобланган Тимур Кападзе ҳам ЎФА тизимида иш бошлаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг