ХТВ ота-оналар учун яна бир хизматни ишга туширди

Жамият

image

Халқ таълими вазирлиги фарзанди мактаб ёшига етган ота-оналар  учун яна бир хизматни йўлга қўйди. Ҳозирча янги хизмат Тошкент шаҳридаги мактабларни қараб олган. Бу ҳақда Вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Янги хизмат – gis.uzedu.uz – ота-оналарга ўзларининг микроҳудудлари ва уларнинг ҳудудларидаги мактабларни аниқлаб олиш имкониятини беради.

Ҳозирги кунда мазкур хизмат тест режимида фаолият юритмоқда. Онлайн харитага Тошкент шаҳридаги барча мактаблар микроҳудудлари билан киритилган.

Хизматдан фойдаланиш учун сайтга кириш керак ва “Тошкент шаҳри халқ таълими бош бошқармасини” ҳамда тегишли туманни танлаш лозим. Шундан кейин “Мактабларни кўриш” тугмасини босиш керак ва тизим харитада мактабларни кўрсатади (қизил билан янги қабул тизими жорий этилаётган мактаблар белгиланган).

Янги хизмат Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази ходимлари томонидан яратилган. Хизмат республикадаги барча мактаблар жойлашувини кўрсатади. Келажакда хизмат кенгайтирилиб, республикадаги барча мактабларнинг микроҳудудларини кўриш имкониятини яратиш режалаштирилган.

Сайтда алоқа учун маълумотлар жойлаштирилган бўлиб, фойдаланувчилар тизимни такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларни билдиришлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мактабларнинг микроҳудудлари туман ҳокимиятлари қарори билан тасдиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ХТВ

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг