Шифокор болани қандай қутқарганини айтди (видео)

Интервью

Аввалроқ, Тошкентдаги клиникада оториноларинголог клиник ҳолатда келган 2 яшар болани қутқариб қолгани ҳақида хабар берган эдим. Воқеа тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

QALAMPIR.UZ мухбири болакайни қутқариб қолган оториноларинголог Сергей Тобиас билан суҳбатлашди. У бизга бўлган воқеани сўзлаб берди.

– Югуриб киришди. Бола ҳушсиз ҳолда нафас олмаётганди, томир уриши ҳам йўқ эди. Кўкариб кетганди. Ота-онасининг айтишича, тана ҳароратининг ошиши натижасида болада титроқ бошланган ва шундан сўнг, ҳушини йўқотган. Воқеа нимадан бошлангани, қандай бўлганини сўрашга имкон бўлмади, биринчи ёрдам кўрсатиш керак эди. Мен болага сунъий нафас бериб, юрагини массаж қилганимдан кейин бола ҳушига келди, сунг уни онасига бердим. Кейинроқ тез ёрдам ҳам етиб келди.

Отолоринголог билан суҳбатдан кейин болакай олиб кетилган 3-сон болалар клиник шифохонасига бордик. У ерда бош шифокор муовини Дилобар Алимуҳамедова билан суҳбатлашдик. Алимуҳамедова боланинг шифохонага олиб келингандаги аҳволи ҳақида маълумот берди.

“Нуриллаев Умар шифохонамизга талваса ҳуружидан кейин тез ёрдам ходимлари томонидан олиб келинди. Бемор ҳушида эди. Шифокор томонидан кўрилиб, аҳволи ўрта оғирликда баҳоланди. Даволаш бўйича керакли тавсиялар берилиб, шифохонага ётқизилди. Ҳозирда боланинг аҳволи барқарор. Муолажалар якунлангач, тана ҳарорати тушиб, касаллик аломатлари йўқолгач, уйига жавоб берилади. Бола 5-6 кун шифохонада даволанади”, деди Дилобар Алимуҳамедова.

Алимуҳамедованинг сўзларига кўра, болага талваса ҳуружидан кейинги ҳолат ташхиси қўйилган.

Сўнг, боланинг онаси Садоқат Қаршиева билан суҳбатлашдик. Бироқ у кўп ҳам гапиришни истамади.

– Мен шифокорлардан минг бор розиман. Боламни тилини босиб, олиб кирдим. Бу воқеа 2 дақиқа ичида бўлди. Ҳарорати баланд бўлганлиги учун шу воқеа юз берди. 5 ёшгача бўлган болаларда бундай ҳолат кузатилади, аслида. Лекин болам кўтаролмади. Ҳаво иссиқлиги уни иссиғи баландлиги сабабли ҳам қийин бўлди. Кўчада бўлганимиз учун ён атрофда кўринган жойга олиб киришга мажбур бўлдим.  Бола кўкармаганди. Сергей исимли шифокор йигит 2 дақиқада боламни ўзига келтириб берди. Шу икки дақиқада қай ахволда қолганим ўзимга маълум. Аллоҳга шукур болам соғ ва шифокорлар назоратида.

Қаршиева Садоқатнинг айтишича, у боласи ва ўзини бутун Ўзбекистон кўришини истамаган. У шифохонадан чиқиб, албатта шифокорга миннадорлик билдириш учун бориши айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент клиник щлим

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг