Жиззахда маҳбуснинг жазосини енгиллаштириш учун пора олган қамоқхона бошлиғи қамалди
3-саҳифа
−
06 Август
7996Жиззах вилоятида қамоқхона бошлиғи маҳбуснинг жазосини енгиллаштириб бериш эвазига 10 минг доллар пора сўради. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш қамоқхонаси бошлиғи қамоқдаги шахсга озиқ-овқат, яқинлари билан телефон орқали суҳбат ташкил этиб бериш эвазига 400 АҚШ доллари олган. Бундан ташқари, у таниш адвокатлари орқали айбланувчининг жазосини енгиллаштириб бериши эвазига 10 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у 5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган. Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Фориш тумани судида кўриб чиқилди.
“Адолатли ҳукм эълон қилишингизни сўрайман ва умид қиламан ҳамда қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо беришингизни сўрайман. Бошқа гапим йўқ”, дейди судланувчи.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) билан 2 йил 6 ой мансабдан четлаштирилиб, 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ солиқ бош инспектори Гулистон шаҳрида фаолият олиб борувчи 3 та МЧЖ солиқ қарзларини соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб беришга ваъда бериб, эвазига 4 минг АҚШ долларини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинганди.
LiveБарчаси