Жинсий тегажоғликда айбланган Карим Хон ишдан ҳайдалди

Олам

image

Халқаро жиноий суд (ХЖС) бош прокурори Карим Хон жинсий тегажоғлик айбловлари сабабли лавозимидан четлаштирилди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 24 июль куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида ўтказилган шошилинч мажлисда Халқаро жиноий судга аъзо давлатлар жинсий тегажоғлик айбловлари билан боғлиқ интизомий суриштирувдан сўнг прокурор Карим Хонни ишдан бўшатган.

2021 йилда аъзо давлатлар томонидан суд прокурори лавозимига тўққиз йиллик муддатга сайланган Хонни лавозимидан четлаштириш ҳақидаги қарор 125 та аъзо давлат ўртасида ўтказилган ёпиқ овоз бериш чоғида кўпчилик овоз билан қабул қилинган.

“Ассамблея 82 та аъзо давлатнинг кўпчилик овози билан прокурор Карим Хон жиддий қилмиш ва ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузиш содир этган деган қарорга келди... ва уни лавозимидан четлаштирди”, деб эълон қилган Ассамблея раиси.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Карим Хонга қарши ножўя хатти-ҳаракатлар бўйича айбловлар илгари сурилган эди. 2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий суд БМТнинг Ички назорат хизмати томонидан ташқи тергов ўтказилишини сўраган эди. 2025 йил май ойида Хоннинг лавозимидан вақтинча четлаштирилгани эълон қилинди.

БМТ билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимга эга бўлган Халқаро жиноий суд сўнгги йилларда бир қатор шов-шувли ҳибсга олиш ордерларини, жумладан, 2023 йилда Россия Президенти Владимир Путинни ва 2024 йилда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берган эди. Яқин орада Халқаро жиноий суд Ассамблеяси янги прокурорни сайлаши керак бўлади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг