“Жасорат билан гапирганларнинг ҳаммаси ўлик”. Трамп Эронни огоҳлантирди
Олам
−
13 Июнь 10338 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ўзининг ядровий дастури бўйича шартнома имзолаши лозимлиги, акс ҳолда янада вайронкор ва ҳалокатли ҳарбий ҳаракатларга дуч келишини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
“Эронлик айрим ашаддий куч вакиллари жасорат билан гапирди, лекин улар нима бўлишини билмаган. Уларнинг барчаси ҳозир ўлик. Вазият янада ёмонлашади! Аллақачон кўплаб ўлим ва вайронагарчилик юз берди, бироқ бу қон тўкилишни тўхтатиш учун ҳали ҳам вақт бор. Аммо режалаштирилган навбатдаги ҳужумлар бундан ҳам шафқатсиз бўлади”, деган АҚШ раҳбари.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, Эрон шартнома тузиши керак, акс ҳолда унда ҳеч нарса қолмайди.
“Эрон битим тузиши керак, акс ҳолда ҳеч нарса қолмайди. Улар илгари “Эрон империяси” деб танилган нарсанинг қолдиқларини сақлаб қолишлари мумкин”, дея таҳдид қилган Оқ уй раҳбари.
Унинг айтишича, Эронга кўп бор ҳарбий ҳаракатлар бўлади деган огоҳлантиришлар берилган бўлса-да, улар келишувга розилик билдирмаган. Бу ҳарбий ҳаракатлар, “улар биладиган, кутадиган ёки эшитган ҳамма нарсадан анча ёмон бўлган”.
“Мен Эронга бир неча бор имконият бердим. Уларга қатъий тарзда шундай дедим. Шунчаки бажаринглар. Аммо улар қанча уринмасин, қанча яқинлашмасин, барибир шартнома тузишга эриша олмади”, деган Трамп.
Президент АҚШ ҳарбий ҳаракатларда иштирок этадими ёки йўқми, аниқлик киритмаган. Бироқ у Исроилни Эронга қарши фойдаланиш учун қуроллар билан таъминлашда давом этишини таъкидлаган.
“Исроилда аллақачон кўп қурол бор ва янада кўпаяди. Улар эса бу қуролларни қандай ишлатишни яхши билади”, деган Оқ уй раҳбари.
АҚШ раҳбари, шунингдек, Эронда яна бир кичик имконият борлигини эслатиб ўтган.
“Икки ой аввал мен Эронга 60 кунлик ультиматум бердим – келишув тузинглар, деб. Улар буни амалга оширишлари керак эди! Бугун 61-кун. Мен уларга нима қилиш кераклигини айтдим, лекин улар бунга эриша олмади. Энди, эҳтимол, уларнинг яна бир имконияти бор”, дея қўшимча қилади АҚШ Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” профилактик зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
Live
Барчаси