Жапаров Президентлик ваколатларидан воз кечмоқда
Олам
−
12 Ноябрь 2020
16441Қирғизистон Президентининг барча ваколатлари Садир Жапаров Президент вазифасини вақтинча бажарувчиликдан кетгандан кейин мамлакат парламенти раисига ўтади. Бу ҳақда Бош вазир – вақтинча Президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Бишкекда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Президентга сайловларда қатнашиш учун мен ваколатимни тўхтатиб қўйишим керак, улар автоматик равишда парламент спикери Талант Мамитовга ўтади", дейди у.
Қирғизистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловлари 2021 йил 10 январда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Қонунга биноан, давлат лавозимларини эгаллаган шахслар сайловда номзод ўлароқ иштирок этишига йўл қўйилмайди, улар ўз лавозимларидан вақтинча воз кечишлари шарт. Президент истеъфога чиққан тақдирда, парламент спикери амалдаги давлат раҳбари бўлади. Сайловда қатнашиш учун Жапаров 14 ноябрга қадар президент ваколатларини топшириши керак.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб қон тўкмаслик учун истеъфо берди.
Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.
LiveБарчаси