Жамғирчиев Салимбойдан икки дўстини ўлдиришда ёрдам сўрагани аниқланди
Олам
−
15 Январь
22905Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг айтишича, аввалроқ қочган депутат Эмил Жамғирчиев ўзбекистонлик “таниқли криминал бошлиқ Салим Абдувалиев”дан икки кишини ўлдиришда ёрдам сўраган.
“Менда бир йигит Ўзбекистонга чегара орқали бормай, лекин чегарани [ноқонуний] кесиб ўтиб, “Салимбойвачча” лақабли “қонундаги ўғри” билан учрашиб, икки дўстини йўқ қилишда ёрдам сўрагани ҳақида хабар бор”, дейди Жапаров “Кабар” Қирғизистон ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Президент депутат иши билан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва разведка хизмати ходимлари иш олиб бораётганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. У 2022 йил декабрь ойида Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраш мақсадида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга келган. Шунингдек, у “Салимбой”га Қирғизистонда тартиб ўрнатишини сўраб, хат ҳам ёзган.
10 январь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиевнинг Салим Абдувалиевга берган мактубини ўқиб эшиттирди.
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбаев, Жеенбеков, Жапаровлар президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”, дейди депутат ўз хатида.
Бунга жавобан эса Ташиев ҳеч бир президент Абдувалиевнинг дуосини олмаганини айтган.
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган. У менга нисбатан чора кўришни сўраган. Хат борлигини Жамғирчиевнинг ўзи ҳам тан олган. Тасаввур қилинг, депутатлар орасида шундай одамлар бор”, дейди Ташиев.
Аммо унга жавобан Абдувалиев Қирғизистоннинг ишига аралаша олмаслигини айтган. Бундан хабар топган қирғизистонлик терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган.
Депутат 9 январь куни парламентда матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган, бироқ унда қатнашмаган. Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Депутат шундан сўнг ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб қочган.
Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Биринчиси фирибгарлик, иккинчиси эса давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан эса унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев ҳозирда қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
LiveБарчаси