“Салимбой” Қирғизистонни назорат қилганми?
Таҳлил
−
11 Январь
21553Хабарингиз бор, 2023 йилнинг декабрь ойи бошида Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича “Долзарб 40 кунлик” тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди. Шу тадбирлар давомида бир қанча криминал авторитетлар қўлга олинди. Уларнинг орасида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев ҳам бор эди. У Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйида қўлга олинганди.
Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга кўра, Салим Абдувалиев ноқонуний қурол сақлаётгани аниқланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси – ўқотар қурол ва портловчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан жиноий иш қўзғатилди ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланди. Аммо унинг тергови бўйича охиригача маълумот берилмади. Бўлди донғи Марказий Осиё ва дунёга тарқалган Абдувалиевни ҳеч ким эсламай қўйди дерсиз. Аммо чучварани хом санабмиз. Бугун Қирғизистон парламентида “Салимбойвачча”га алоқадор шов-шувли баёнот берилди.
Гап шундаки, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланаётгани маълум қилинди. Шундай бир давлат одамини нега чегарани ноқонуний кесиб ўтди, ахир қонуний ўтса ҳам бўлардику дейишингиз мумкин. Аниқланишича, Жамғирчиев 2022 йил декабрь ойида Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраш мақсадида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга келган.
Хўш, бутун бир мустақил давлат депутатининг “Салимбойвачча”дан ёрдам сўрашига нима сабаб бўлган?
Кеча, 10 январь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиевнинг Салим Абдувалиевга берган мактубини ўқиб эшиттирди.
“Ушбу хат 10 саҳифадан иборат. Уни у ўз қўли билан ёзган. Жамғирчиев Абдувалиевдан ёрдам сўраган. Хатда у ҳокимиятга туҳмат қилиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган. Бу қандай аҳмоқлик?” дейди Ташиев.
Унинг "Салимбой"га ёзган хатида айтилишича, Қамчибек Ташиев ундан 180 минг доллар ундирган. Ташиевга кўра эса 2 нафар йигит Жамғирчиевнинг отаси билан учрашиб, Қамчибек Ташиевга пул кераклигини айтишган. Улар Эмил Жамғирчиевнинг отасидан 180 минг доллар олиб кетишган. Кейинчалик улар ушланиб, отасига 180 минг доллар қайтариб берилган.
Аммо депутатнинг сўраган ёрдами фақатгина пул масаласида бўлмаган. У “Салимбойвачча”дан Қирғизистонда тартиб ўрнатишни илтимос қилган.
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбаев, Жеенбеков, Жапаровлар президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”, дейди депутат ўз хатида.
Бунга жавобан эса Ташиев ҳеч бир президент Абдувалиевнинг дуосини олмаганини айтган.
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган. У менга нисбатан чора кўришни сўраган. Хат борлигини Жамғирчиевнинг ўзи ҳам тан олган. Тасаввур қилинг, депутатлар орасида шундай одамлар бор”, дейди Ташиев.
Аммо унга жавобан Абдувалиев, эътибор беринг, Қирғизистоннинг ишига аралаша олмаслигини айтган. Бундан хабар топган қирғизистонлик терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган. Ташиевнинг айтишича, Абдувалиев Жамғирчиев келганини, ундан Қирғизистонда тартиб ўрнатишни сўраганини билдирган. Аммо Абдувалиев боя айтганимдек, Қирғизистон ишига аралаша олмаслигини айтган.
“Бундан ташқари, у Жамғирчиев “Салимбойвачча”нинг ёрдамчисига хиёнат қилганини айтади. Ёрдамчи ҳам гувоҳлик берган. Жамғирчиев бир неча кун унинг меҳмонхонасида яшаб, пул тўламай қочиб кетган”, дейди Ташиев.
Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Биринчиси фирибгарлик, иккинчиси эса давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан эса унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев ҳозирда қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
Шу орада бир савол туғилади шунча воқеалар бўлиб ўтибдию, аммо Ўзбекистонда бу бўйича лом-лим дейилмади. На Жамғирчиев чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, “Салимбойвачча”дан ёрдам сўрагани, на депутатга нисбатан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиққани очиқланмади. Нега энди биз Ўзбекистонда бўлаётган воқеани қирғиз нашрлари эълон қилган янгиликлардан билишимиз керак?
Хўп, яна Жамғирчиев ишига қайтсак. Маълумотларга кўра, депутат 9 январь куни парламентда матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган, бироқ унда қатнашмаган. Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Депутат шундан сўнг ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб қочган ва қайтиб келмаган. Унинг ҳозирда қаердалиги аниқ эмас.
"Биламан. Ҳамкасбимиз ҳаммамизни шарманда қилди. Борсам, Ўзбекистон Президентига борардим. “Салимбойвачча” Ўзбекистондаги уюшган жиноий гуруҳ етакчиларидан бири. У яқинда ҳибсга олинган. Буларнинг барчаси материалларда кўрсатилиши керак. Нега у муаммони ҳал қилиш учун уюшган жиноий гуруҳларга мурожаат қилади? Биз Эмил Жамғирчиевни жуда қўллаб-қувватладик, лекин у нотўғри иш қилгани маълум бўлди. Биз унга келиб, ҳаммаси нотўғри бўлса, бизга айтишини сўрадик. “Тоза” бўлса, келиб исботлаши керак эди”, дейди депутат Суюн Умурзоқов.
Шунингдек, Жамғирчиев Ўзбекистонга махсус ҳужжатларни олиб ўтгани ҳам аниқланган.
“Шу боис ҳам, тажриба ва билимга эга депутатларни ишга олинг, деб кўп айтамиз. Жамғирчиев махсус ҳужжатларни олиб, бошқа давлатга жўнаб қолган. Бу махфий ҳужжатлар бўлса-чи? У парламентдан ҳужжатларни олиб, дўсти орқали бошқа давлатга ўтгани учун қонун олдида жавоб бериши керак”, дейди Қамчибек Ташиев.
Жамғирчиев бу воқеадан кейин анча йилга кесилса керак, деб ўйласангиз адашасиз. Қирғиз ҳукумати томонидан унга қўйилган айблов унча оғир бўлмаган жиноятларга тегишли бўлиб, 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 50-100 минг қирғиз сомида жарима билан қутилиб қолиши мумкин. Ташиев ҳам кечаги видеомурожаатида Жамғирчиевга “келсанг қамамайман” деган эди. Аммо ўзимизнинг қоракўз Салим Абдувалиев қамоқда. Унинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Воқеалар ривожини биз билан кузатинг. QALAMPIR.UZ’да қолинг.
LiveБарчаси