Қирғизистон қидираётган “Салимбойвачча” Тошкентда кўриниш берди (видео)
Жамият
−
27 Июль 59302 3 дақиқа
Халқ орасида “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев жорий йил 12 январь куни соғлиғидаги муаммолар туфайли қамоқдан озод қилинганидан буён илк бор кўриниш берди. У бугун, 27 июль пойтахт Тошкентдаги “Яккасарой” тўйхонасидаги тадбирда иштирок этиш учун боргани акс этган видео тарқалди. Ижтимоий тармоқларга сиздирилган видеода уни собиқ “Алп Жамол” банк эгаси Муҳиддин Асомутдинов билан кўриш мумкин.
Салим Абдувалиевнинг тўйхонага кириб келиши акс этган ушбу тасвирлар тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Боиси у қамоқдан озод этилишида келтирилган важлардагидек видеода соғлиғида муаммоли одам сифатида кўринмаган. Қолаверса, унинг айнан қайси тадбирда иштирок этгани ҳам ҳозирча маълум эмас.
Маълумот ўрнида, Салим Абдувалиев Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 декабрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйидан олиб кетилган ва Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони эса умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланган. Бироқ, у касаллиги туфайли жорий 2025 йилнинг 12 январь куни Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилганди.
Ушбу моддада эса “Ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим”, деб ёзилган. Видеодан кўринадики, Салим Абдувалиев ўзини бошқара олмайдиган даражада эмас.
Айтиш ўринлики, 2024 йилнинг август ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қўзғатган иш доирасида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарори билан Салимбой Абдувалиевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ва у ҳам давлатлараро, ҳам Интерпол Миллий марказий бюроси орқали қидирувга берилган.
Абдувалиевнинг оммага сўнгги 7 ой ичида илк бор кўринишидан бир неча кун олдин, аниқроғи 24 июлда Қирғизистонда унга алоқадор деб гумонланаётган ИИВ собиқ ходими Жалил Атамбаев ҳибсга олингани ҳақида хабар берилди. У биринчи марта 2024 йилнинг августида ўз бизнесини ривожлантириш мақсадида Қирғизистон махсус хизматлари томонидан илгари қидирувда бўлган Салим Абдувалиев билан алоқа ўрнатгани ва Ўзбекистоннинг уюшган жиноий гуруҳини молиялаштирганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганди. 2024 йилнинг декабрь ойида эса Атамбаевга нисбатан эҳтиёт чораси қўлланган ва у шартли равишда озод қилинган. Бироқ тергов давомида у эҳтиёт чораси шартларини бир неча бор бузгани, тергов органларининг чақирувига кўра мунтазам равишда келмагани ва процессуал мажбуриятларни эътиборсиз қолдиргани аниқланган. Бишкек шаҳар Октябрь туман суди ушбу қонунбузарликларни инобатга олиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қайтаришга қарор қилди ва Жалил Атамбаев Қирғизистон Миграция қўмитаси қошидаги 21-сонли муассасага жойлаштирилди.