Жаҳонгир Отажоновни бошқа бир санъаткор 2,3 млрд сўмга “ухлатди”

3-саҳифа

image
Жаҳонгир Отажонов жаримага тортилди (видео) north_east

Жаҳонгир Отажонов жаримага тортилди (видео)

Хонанда Жаҳонгир Отажоновни ўзининг “ака-укадек бўлиб кетган” таниши 2,3 млрд сўмга чув туширди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди. 

Суд жараёнида маълум бўлишича, икки шахс дастлаб 2003-2009 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясида бирга ўқиб, танишган ва кейинчалик дўстона алоқаларига қарамай, хонанда X.H. Отажоновнинг ишончидан фойдаланиб, молиявий фирибгарлик қилган.

Суд ҳужжатларига кўра, X.H. Жаҳонгир Отажоновнинг Lexus ва BMW автомобилларини, шунингдек, уйининг айрим қисмларини сотиб олиш ва турли тадбирларда хизмат кўрсатиш эвазига берилган маблағларни ўзлаштирган. Фирибгарлик 2017 йилда бошланган. Масалан, 2017 йилнинг ноябрда X.H. Отажоновнинг Lexus автомобилини 68 минг долларга баҳолаб, дастлаб 34 минг долларни берган ва қолганини икки йил ичида тўлашга ваъда берган. Аммо автомобилни бошқа шахслар номига расмийлаштириб, қолган суммани ўз эҳтиёжларига сарфлаган.

2019 йилнинг июль ойида Отажоновни Тошкентдаги тўй маросимига таклиф қилиб, хизмат эвазига берилган 1000 долларни шахсий эҳтиёжларига ишлатган. Шунингдек, Қашқадарёда бошқа тўй маросимларида хизмат эвазига берилган 5 минг долларни ҳам олган ва санъаткорга беришдан бўйин товлаган.

2021 йилда Отажоновнинг BMW автомобилини 83 минг долларга сотиб олган, дастлаб 15 минг долларни берган ва қолганини икки йил давомида бўлиб тўлашга келишган, аммо автомобилни бошқа шахслар номига расмийлаштириб, пулни тўламаган. Шу йилнинг март ойида Отажоновнинг Тошкентдаги хонадонини 35 минг долларга сотиш ниятида эканини билиб, X.H. 30 минг долларни берган, қолган 5 мингини “кейин берамиз” деб ваъда қилган, лекин бу ваъдасига риоя қилмаган.

Шунингдек, X.H. Отажоновнинг бошқа хонадонини ҳам сотиб олиш бўйича фирибгарлик қилган ва жами 32 минг долларни ўз эҳтиёжларига ишлатган. Суд жараёнида X.H. қилган ишларидан пушаймонлигини билдириб, имкон берилса, етказилган молиявий зарарларни қоплашга тайёрлигини айтган.

Яккасарой  тумани судининг ҳукмига кўра, X.H. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди бўйича айбли деб топилган ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, Отажоновга етказилган жами 2 миллиард 337 миллион сўмлик молиявий зарар ундирилиши белгиланган. X.H. номига Тошкент шаҳрида рўйхатда турувчи икки хонадон фирибгарлик ортидан орттирилган мулк сифатида баҳоланган ва уларнинг сотувдан тушган маблағлари етказилган зарарларни қоплашга йўналтирилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Отажонов BMW Lexus

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг