Жээнбеков ўз хоҳиши билан истеъфо бермоқчи эмас
Олам
−
08 Октябрь 2020
14159Бироз аввал оммавий ахборот воситаларида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековнинг импичменти масаласи кўриб чиқилаётгани хабар қилинган эди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби ушбу хабарларни рад этди. Толгонай Стамалиеванинг “Интерфакс”га маълум қилишича, ҳозирда Жээнбековнинг ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқиши масаласи кўриб чиқилмаяпти.
“Президентнинг ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқиши масаласи муҳокама қилинмаяпти, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас”, дейди Стамалиева.
Матбуот котибининг таъкидлашича, Қирғизистон Бош вазири Кубатбек Бороновнинг истеъфога чиқиши ҳақидаги ҳужжатга Президент имзо чекмаган.
"Ҳа, оммавий ахборот воситаларида Боронов ариза ёзган деб ёзишмоқда, аммо Президентга имзолаш учун ариза киритилмади", деди Стамалиева.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси