Жээнбеков Бишкекда яна фавқулодда ҳолат эълон қилди
Олам
−
12 Октябрь 2020
14055Қирғизистон пойтахти Бишкекда жорий қилинган фавқулодда ҳолат режими узайтирилди. Мамлакат Презиеденти Сооронбай Жээнбеков тегишли ҳужжатни имзолади.
Бундай қарор Жўқорғу Кенеш уч кун ичида белгиланган масалаларни кўриб чиқмагани учун қабул қилинган. Шу сабабдан Президент фавқулодда ҳолатни узайтиришга мажбур бўлган.
Фармонга кўра, эндиликда фавқулодда ҳолат 19 октябргача амал қилади.
Аввалроқ, Жўқорғу Кенеш навбатдан ташқари ўтказилган сессияда Бош вазир номзоди қонунга хилоф равишда тасдиқлангани ҳабар қилинганди.
Маълумот учун, Сооронбай Жээнбековнинг фармони билан 9 октябрдан бошлаб Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси