Зеленский Парижга борди. У ерда Киев учун нималар ваъда қилинди?
Олам
−
15 Май 2023
4691Кеча, 14 май куни кечқурун Украина Президенти Владимир Зеленский Парижга етиб борди. Макрон билан учрашувини эълон қилар экан, у франциялик мавқедоши билан икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим нуқталарини муҳокама қилишини айтди. Бу ҳақда Украина етакчиси ижтимой тармоқлардаги саҳифаларида ёзиб қолдирди.
“Париж. Ҳар сафарги ташриф билан Украинанинг мудофаа ва ҳужум қобилияти ортиб бормоқда. Россияга босим кучайгани сари Европа билан алоқалар мустаҳкамланмоқда”, деган Украина етакчиси.
Елисей саройи коммюникесига кўра, етакчилар Киевнинг шошилинч ҳарбий ва гуманитар эҳтиёжлари ва Франциянинг Украинага кўрсатишда давом этаётган ёрдамини муҳокама қилиш учун учрашган.
Бундан ташқари, Париждаги учрашув якунлари бўйича қўшма баёнотда Макрон ва Зеленский Россияга нисбатан санкциялар босимини ҳамда жорий этилган чекловларнинг амалга оширилиши устидан назоратни кучайтиришга чақирган.
Шунингдек, етакчилар бошқа мамлакатларни махсус трибунал яратиш ташаббусига максимал халқаро қонунийлик бериш мақсадида “босқинчилик жинояти учун жавобгарликка тортиш” саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирган.
Зеленский билан учрашув арафасида Макрон Россия Украинадаги можарода аллақачон “геосиёсий мағлубият”га учраганини айтган. Франция раҳбарининг сўзларига кўра, Москванинг Хитойга қарамлиги, шунингдек, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши Россия йўқотишларини кўрсатади. Макроннинг фикрича, Россия Хитойнинг вассал давлатига айланмоқда.
Шунингдек, Президент Макрон Европани Украинага муқаррар равишда бошланиши керак бўлган музокараларни тайёрлашда ёрдам беришга чақирган. Шу билан бирга у Россия билан қарама-қаршиликдан қочиш зарурлигига ишора қилган.
Бундан ташқари, Макрон ва Зеленскийнинг Елисей саройи томонидан чоп этилган қўшма баёнотида Франция яқин ҳафталарда бир нечта украина батальонларини тайёрлаши ва уларни ўнлаб зирҳли техника ҳамда AMX-10RC ғилдиракли танклари билан жиҳозлаши эълон қилинган. Шунингдек, Макрон Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш ниятида эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 май куни Зеленский Германияда ҳам бўлган ва Берлин бу йилдан бошлаб Киев ҳукуматига ҳарбий ёрдам учун яна 11 миллиард евро юбориши эълон қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь