Зеленский Гутерришни Киевда қабул қилишдан бош тортди
Олам
−
26 Октябрь
5232Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Қозондаги BRICS саммитида иштирок этгани учун Киевга ташрифини рад этди. Бу ҳақда Зеленскийнинг офисидаги манбага таяниб, “Agence France-Presse” хабар берди
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Қозондан кейин Гутерриш Украинага келмоқчи бўлган, бироқ Зеленский ташрифга тайёрлигини тасдиқламаган.
“Шундай қилиб, Гутерриш бу ерда бўлмайди, хусусан, Қозонда ақл-идрок ва халқаро қонунлар камситилгани учун”, деди AFP манбаси.
Украина Президенти идораси Гутерришнинг Киевга ташрифи бекор қилинганига расман изоҳ бермади.
БМТ вакили Фарҳан Ҳақ эса “Суспільне” телеканалига Гутерришнинг Украинага ташрифи Киев томонидан BRICS саммити туфайли бекор қилинганини тасдиқламади. Унинг сўзларига кўра, томонлар ташрифни “ўзаро қулай вақтда” ташкил этишга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Антониу Гутерриш 23 октябрь куни Қозондаги BRICS саммитига борган ва у ерда Владимир Путин билан учрашганди.
Учрашувдан сўнг БМТнинг расмий матбуот баёнотида айтилишича, Гутерриш “Россиянинг Украинага бостириб кириши БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканлиги ҳақидаги ўз позициясини яна бир бор тасдиқлаган” ва музокараларни “тўлиқ қўллаб-қувватлаган”.
Бироқ саммитдаги нутқида Гутерриш Россия томонидан халқаро ҳуқуқни бузаётгани ҳақида гапирмади.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Гутерришнинг BRICS саммитига ташрифини қоралаб, у Киевнинг Швейцариядаги биринчи тинчлик саммитига таклифини рад этганини, аммо “ҳарбий жиноятчи Путиннинг” Қозонга таклифини қабул қилганини айтди.