BRICS саммитида қатнашган Гутерриш Украинада “адолатли тинчлик” ўрнатишга чақирди
Олам
−
25 Октябрь
3333Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш кеча, 24 октябрь куни Қозондаги BRICS саммитида Россия Президенти Владимир Путин билан гаплашар экан, Украинада “адолатли тинчлик” ўрнатилишига чақирди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
“Бизга Украинада тинчлик керак. Адолатли дунё – БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва Жаҳон ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюциясига мувофиқ бўлади”, деган Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, “барча давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллиги тамойилларини” ҳурмат қилиш зарур.
Ўз навбатида, Путин Россия Федерациясида жанг майдонида стратегик мағлубиятга учратиш режаларини иллюзия деб атаган.
“Ҳозир улар мамлакатимизни стратегик мағлубиятга учратиш мақсадини яширишмаяпти. Очиғини айтаман, бу хаёлий ҳисоб-китоблар, уларни фақат Россия тарихини билмаганлар амалга ошириши мумкин”, деди у.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби 2022 йил апрелидан бери илк бор Россияда.
BRICS’да сўзлаган Гутерриш, шунингдек, Ғазо секторида “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш”, исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Ливандаги “ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш”га чақирди.
Аввалроқ, 23 октябрь куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррелнинг матбуот котиби Питер Стано саммитнинг барча иштирокчилари, жумладан Гутерришни Путиндан Украинадаги урушни зудлик билан тўхтатишни талаб қилишга чақирган эди. Станонинг сўзларига кўра, БМТ Бош котиби Путиндан “Россия қўшинларини Украина ҳудудидан зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқиб кетишини” талаб қилиши керак.
Гутерриш вакили Фархан Ҳақнинг 22 октябрь куни аниқлик киритишича, халқаро ташкилот раҳбари “Қора денгизда хавфсиз навигацияни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиради, бу глобал озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги, айниқса, дунё мамлакатларининг энг заиф қатламлари учун катта аҳамиятга эга.”
Киев эса Гутерришни BRICS саммитида қатнашгани учун кескин танқид қилди.
“БМТ Бош котиби Украинанинг Швейцарияда бўлиб ўтган биринчи Глобал тинчлик саммитига таклифини рад этди. Бироқ у ҳарбий жиноятчи Путиннинг Қозонга таклифини қабул қилди. Бу тинчлик ишини илгари сурмайдиган нотўғри танловдир. У фақат БМТнинг обрўсига путур етказяпти”, дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Европа Иттифоқига кўра, Путин ўзининг сиёсий мақсадларига эришиш учун Қозондаги BRICS саммитини суиистеъмол қилмоқда. Хусусан, у Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли Ғарб томонидан киритилган санкцияларга қарамай, Россия ташқи сиёсатда яккаланиб қолмаганлигини кўрсатишга интилади.
“Айни пайтда Владимир Путин халқаро қидирувга берилган ҳарбий жиноятчи”, деди Питер Стано.
Шунингдек, у ўз баёнотида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни BRICS саммитида қатнашгани учун ҳам билвосита танқид қилди.
“Европа Иттифоқи ЕИга қўшилиш учун номзод бўлган давлатлардан ўз ташқи сиёсатини Европа позициясига мослаштиришни кутади”, деди у.
Маълумот учун, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтказилган тадбирда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Вьетнам Социалистик Республикаси Бош вазири Фам Минь Тинь, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, бошқа бир қатор давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмаларнинг раҳбарлари ҳамда юқори даражали вакиллари иштирок этди.