Юлдуз Усмонова масаласи ёпди-ёпди бўлди...ми? Сўз ИИББ расмийси Сайфутдиновага

Жамият

image

Жорий ҳафта бошидан буён Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Сардоба ва Бухородаги офат, барчани “уйга қамаган” коронавирус бир четда қолиб, Усмонованинг тилларга тушишига хонанданинг ички ишлар ходимларини кескин танқид қилиб, ҳақоратомуз видеомурожаат қилгани сабаб бўлди. 

Усмонованинг видеоси интернетда тарқалгач, ИИВ, Маданият вазирлиги ва “ҳа” деганда санъаткорларнинг лицензиясини олиб қўядиган “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси унга муносабат билдирди. ИИВ ҳолат бўйича суриштирув ўтказилишини маълум қилган бўлса, Маданият вазирлиги “қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” қабилида иш тутиб, танбеҳ билан чекланди. “Ўзбекконцерт” эса халқ артистининг одоб-аҳлоқи масаласи Маданият вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашида кўрилишини маълум қилди. Кеча эса Юлдуз Усмонова Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг “кабинети”дан узр йўллади. 

Воқеалар ривожини кузатиб келаётган QALAMPIR.UZ ҳодиса тафсилотларини янада батафсилроқ ўрганиш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот котиби Ирина Сайфутдинова билан суҳбатлашди. У бизга ҳақоратли видеогача бўлган ишларни сўзлаб берди.

“2 май куни Мирзо Улуғбек туманининг Садаф кўчасида одамлар тўплана бошлагач, дастлаб профилактика инспектори борган. У ерда, шунчаки, Сирдарё вилоятида тошқиндан зарар кўрганларга ёрдам йиғилаётганини кўргач, инспектор икки нафар Пост-патруль хизмати ходимларини чақирган. Улар юкларни ортишга ёрдамлашган, кейин эса Йўл-патруль хизмати майорини чақиришган. Майор уларни сирдарёликлар учун марказлашган тарзда ёрдам йиғилаётган “Туркистон” санъат саройигача кузатиб борган. Бу ҳақда аввал эълон қилинганди. Шахсан Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилганди”, деди Ирина Сайфутдинова.

ИИББ вакили марказлашган ёрдам йиғиш пунктлари нега ташкил этилганига тўхталиб ўтди. У карантин шароитидан келиб чиқиб, йиғилаётган буюмларни дезинфекция қилиш кераклиги ва уни Сирдарёга етказишни муаммосиз ҳал қилиш учун шундай пунктлар ишга туширилганини қайд этди. 

“Эртаси куни ЙПХ майорига Юлдуз Усмонованинг ёрдамчиси қўнғироқ қилган ва ундан ёрдамга келишини сўраган. Майор келган, юклар юкланган. Аммо вақт анча кеч бўлган, аниқ айтишим мумкин соат 00:00 дан кейин. Дастлаб гап йиғилган ёрдам юкини “Туркистон” санъат саройигача кузатиб бориш ҳақида кетган. Аммо у ерда ёрдамчилар майордан юк машинасини то Сирдарё вилоятигача кузатиб боришни сўраб туриб олган”, деди Сайфутдинова.

У сўзида давом этиб, ППХ ва ЙПХ ходимлари ўзи жавобгар бўлган ҳудудни ташлаб кетолмаслиги ва қаттиқ назорат олиб бориш учун уларнинг автомобилига GPS кузатув ускунаси ўрнатилганини айтиб ўтди. Бу ўз навбатида бирор ҳодиса юз берса ППХ ёки ЙПХ ходимларини тезкорлик билан воқеа жойига йўналтириш учун ҳам кераклигини қўшимча қилди.

“Улар ўзларига бириктирилган ҳудудни тарк эта олмайди. ППХ ёки ЙПХ ходими Юнусобод туманидан Мирзо Улуғбекка ўтишга ҳақи йўқ. Шаҳар ҳудудини тарк этиш ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу тақиқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил декабрь ойида қабул қилинган қарорида хавфсизлик нуқтаи назаридан кечки вақтда юк машиналарининг юки билан ҳаракатланиши қатъиян ман қилингани аниқ кўрсатилган. Шунинг учун майор ҳолатни тушунтиришга ҳаракат қилган”, дейди Ирина Сайфутдинова.

У ички ишлар ходимларининг иш вақтида ухлагани ва бекор юргани ҳақидаги гаплар асоссиз эканини қайд этди. Сайфутдинова шу ўринда ИИВ ходимлари карантин сабаб кучайтирилган иш режимига ўтгани ва суткасига 12 соатлаб ишлашига тўғри келаётганини айтиб ўтди. Профилактика инспектори ҳам (айнан ўша маҳалладаги) ундан олдинги кун ҳудудида бир одам вафот этгани, шу масала билан шуғулланиб, уйига жуда кеч қайтганини қўшимча қилди.

Ирина Сайфутдинова Усмонованинг айтганларини сўз эркинлиги деб баҳоланиши масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

“Сўз эркинлиги бу бошқа одамларнинг шахсияти ва ҳуқуқларини поймол қилмаган ҳолда фикр билдириш эканини биламиз-ку. Сўз эркинлиги бизда ҳам бор. Аммо бу одамларга “энг ёқимли” гапларимизни айтишимиз мумкин дегани эмас-ку. Бўлган воқеани баҳолашга келсак, вақт ҳамма нарсани ўз жойига қўяди. Халқ ўз баҳосини беради. Ҳодисадан кейин бизга одамлардан кўплаб изоҳлар келяпти ва улар бизни қўллаб-қувватлаяпти”, дейди ИИББ воизи.

Сайфутдинова ички ишлар тизимида ҳам номуносиб ходимлар борлигини тан олиб, улар ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилаётганини, ходимлар ҳам жаримага тортилаётганини айтиб ўтди.

“Танқид бизни ривожланишимизга ёрдам беради. Бироқ танқид асосли бўлиши керак”, дейди у.

Юлдуз Усмоновага нисбатан очилган маъмурий иш материаллари судда кўриб чиқилиши айтилиб, кейин суд бўлмай қолганини ҳисобга олиб, Сайфутдиновадан одатда бундай ишлар қанча вақтда судга юборилиши ҳақида сўраганимизда, у камида 10 кунда жўнатилишини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ томонидан жорий йилнинг 5 май куни маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Юлдуз Усмоновага нисбатан очилган иш кўриб чиқилиши айтилиб, ОАВ вакиллари тўпланганди. Бироқ суд бўлмади, айбланувчи судда кўриниш бергани ҳам йўқ. Олий суд ҳолатга изоҳ бериб, иш материаллари ҳали етиб келмаганини маълум қилди.

Воқеалар хронологияси

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 3 май куни Instagram'даги саҳифасидаги жонли эфирда Ички ишлар ходимларини ишламаётганга чиқариб, улар бугун марҳум Биринчи Президент Ислом Каримов даврида яшамаётгани, ҳар куни клизма олишга ўрганиб қолганини айтганди. Хонанда эфирда "Падарлаъанати бўлдиларинг бугун" деган сўзларни қўллаган эди. Ушбу видео жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.

Аввалига Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Бу орада Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларидан узр сўради

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги эса кескин баёнот билан чиқди. Усмонованинг ҳаракатлари устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошлангани маълум қилинди. ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараётганини айтди.

Сўнг "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонанданинг хатти-ҳаракатлари Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиниши айтиб чиқди. Аммо, бу масалага қайтилмади.

ИИВ 5 май куни Юлдуз Усмонова иши бўйича суд бўлиб ўтишини маълум қилиб, ОАВни Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига таклиф қилди. Аммо суд бўлмади.

Мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар эса Туркия матбуотигача етиб борди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса Усмонованинг суди нега ўтмаганини очиқлади.

Усмонова 7 май оқшомида яна бир бор Ички ишлар ходимлари ва уларнинг ота-оналаридан узр сўраб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ Юлдуз Усмонова Ирини Сайфутдинова

Баҳолаганлар

3350

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг