Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбарига ҳайфсан берилди
Жамият
−
28 Июль 2023
9054Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбари Олим Саидовга ҳайфсан берилди ҳамда Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиқлари лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғонада бўлиб ўтаётган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Хабар қилинишича, Президент ушбу йиғилишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволидан халқ мутлақо норозилигини айтиб ўтган.
Масалан, ўтган олти ойнинг ўзида 4 мингга яқин автоавариялар содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган.
“Эътибор беринг, 48 фоиз аварияларнинг сабаби йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳисобланади. Вазиятни яхшилаш бўйича “Ўзавтойўл” ва ҳокимликларнинг масъулияти умуман сезилмаяпти. Улар фақат асфальт ётқизиш билан овора, ҳаракат хавфсизлиги эса эътибордан четда қолиб кетган”, дейди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбари Олим Саидовга ҳайфсан берилиб, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод қилинди.
Йиғилишда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилиши айтиб ўтилган. Энди йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади.
Энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитасини шакллантириб, уларни тартибга солиш учун:
- нечта светофор ёки қанча узунликдаги йўл тўсиқлари керак;
- қайси ҳудудларга ер усти ва ер ости пиёда йўлаклари зарур;
- ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётган “яма” ва “гармошкалар”ни таъмирлаш учун қанча маблағ зарур, деган саволларга аниқ ҳисоб-китобларини бериш топширилди.
Мутасаддилар ва барча вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда консультантларни жалб қилиб, ҳудудидаги энг хавфли йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш лойиҳасини бошлашга кўрсатма берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Ички ишлар вазирининг ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаевни ҳамда 15 та туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва 5 нафар туман прокурорини вазифасидан озод қилганди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ёшлар билан ишлаш масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Сирдарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларининг ўрибосарларини лавозимидан озод қилганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь