Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидан “учди”
Жамият
−
28 Июль 2023
21053Ички ишлар вазирининг ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғонада бўлиб ўтаётган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, йиғилишда Президент маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибини белгилаб берган.
Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигига:
- жиноят қилишга мойиллиги бор оғир аҳволдаги аҳоли билан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ишлаш бўйича “маҳалла бешлиги”нинг вазифаларини аниқ белгилаб бериш;
- ёш тоифаси, ижтимоий ва моддий аҳволидан келиб чиқиб, уларнинг ҳар бир гуруҳи учун алоҳида методика ишлаб чиқиш топширилди.
“Энди профилактика инспектори ҳудудида жиноят қилишга мойиллиги бор шахсларни аниқлайди, “маҳалладаги бешлик” уларнинг муаммоларини ҳал қилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, йиғилишда тизимда рақамлаштириш аҳволи қониқарсизлиги танқид қилинган.
Ички ишлар вазирининг бу масалалар учун масъул ўринбосари зиммасига юклатилган бирорта вазифа охиригача етказилмагани кўрсатиб ўтилган ва шу муносабат билан вазир ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги 15 та туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва 5 нафар туман прокурорини вазифасидан озод қилганди.
LiveБарчаси