“Юксалиш” ИИВ тизимини ислоҳ қилиш бўйича зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган режаларни тақдим қилди
Жамият
−
10 Июнь 2023
8638“Юксалиш” умумиллий ҳаракати Ўзбекистонда сўнгги пайтларда Ички ишлар вазирлиги тизимида тез-тез учраётган қийноққа солиш ҳолатларига барҳам бериш ва тизимнинг халқчиллигини таъминлаш бўйича зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган 10 та режани тақдим этди. Бу ҳақда ҳаракат Матбуот хизмати хабар берди.
“Юксалиш” хабарида дастлаб Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича қилинган ижобий ўзгаришлар санаб ўтилган. Шунингдек, соҳадаги ижобий ислоҳотларга қарамай, охирги пайтларда учраётган қийноқ ҳолатлари Ўзбекистоннинг бугунги миллий ва халқаро имижига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозимлиги таъкидланган.
Шу муносабат билан “Юксалиш” кенг жамоатчилик фикри ва соҳа экспертларига таянган ҳолда қийноқларга барҳам бериш мақсадида зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган қуйидаги ҳаракатларни таклиф қилган:
- аввало, сўнгги рўй берган қийноқ ҳолатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти батафсил ахборот бериши ҳамда тизимда қийноқларга барҳам бериш бўйича аниқ режаларини жамоатчиликка тақдим этиши керак;
- бундан буён, мунтазам равишда ҳар бир қийноқ ва бошқа инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар бўйича ИИВ раҳбарияти томонидан шахсан жамоатчиликка ахборот бериб бориш амалиётини киритиш лозим;
- жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган шахснинг ҳуқуқлари содда тилда тушунтирилганлиги ҳақида тилхат олиш амалиётини жорий этиш;
- жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган шахснинг прокурор билан учрашиш талабини дарҳол қондириш бўйича ҳуқуқини қонунчиликда мустаҳкамлаш;
- ҳибсга (қамоққа) олинганларнинг расман қамоқда сақлаш жойлари деб эътироф этилган жойларда сақланишини, уларнинг сақланаётган жойлари тўғрисидаги маълумотларни манфаатдор томонлар, шу жумладан қариндошлари, дўстлари ва жамоат ташкилотлари учун очиқ бўлишини таъминлаш мақсадида онлайн маълумотлар базасини яратиш;
- шахсни ҳибсга олишда “Миранда қоидаси”ни қўллаш билан боғлиқ ҳаракатларни талаб даражасида амалга оширмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини зудлик билан парламентга киритиш;
- миллий превентив механизм доирасида ички ишлар идораларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва ушлаб туриш жойларига жамоатчилик вакилларининг мониторинг ташрифларини ташкил этиш ва доимий амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш;
- ички ишлар органларига ишга қабул қилиш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, хусусан, тегишли тузилмалар ходимларини жиноят просесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини билиши, ходимларнинг психологик ҳолатини стресс-тестдан ўтказиш тизимини ислоҳ қилиш;
- ҳар бир ушлаб туриш ва ҳибсга олиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш, Кенгаш томонидан тегишли давлат идорасининг фаолияти давомида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва поймол этилмаслиги юзасидан доимий жамоатчилик маслаҳатлашувлари ва мониторингларни ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш;
- қийноқлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ, жамоатчиликда резонанс уйғотган жиноий ишлар юзасидан очиқ ва сайёр суд мажлисларини ташкил этиш, уларни ОАВ орқали онлайн трансляция қилиш амалиётини кенг жорий этиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда тегров қилинаётган 21 ёшли йигит Ички ишлар бошқармаси биносининг 4-қаватидан сакраб, вафот этгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилояти Бўка туманида терговга чақирилган шахс вафот этган эди. Бунинг ортидан воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган, шунингдек, туман ИИБ бошлиғи А. Бабаханов ва бошқа масъул шахслар лавозимидан озод этилганди.
LiveБарчаси