Тошкентда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит 4-қаватдан сакраб, вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
04 Июнь 2023
27568Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 21 ёшли йигит терговдан қочиш мақсадида ҳожатхонадан пастга сакраб, вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Қайд этилишича, фуқаро Х.Т. чўнтагида “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келгани аниқланиб, жорий йилнинг 22 май куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ ЖҚБ гиёҳвандликка қарши курашиш бўлимига олиб келинган.
Бинонинг 4-қаватига суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун олиб чиқилган Х.Т. жавобгарликдан қочиш мақсадида шу қаватда жойлашган ҳожатхонага кириб, тезкор ходимни чалғитган. У ҳожатхонанинг деразасидан, пастда жойлашган ошхонанинг шифер билан қопланган том қисмига сакраган. Шифернинг четки қисми синиши оқибатида Х.Т. боши ерга қулаб тушган.
Жароҳатланган фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан шифохонага олиб борилган. Аммо Х.Т. олган тан жароҳатлари оқибатида 29 май куни шифохонада вафот этган.
Чилонзор тумани прокурори бошчилигидаги гуруҳ томонидан шу куннинг ўзида ҳодиса содир бўлган бино ва атроф-муҳит жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилган, тегишли гувоҳлар ва ишга алоқадор барча ходимларнинг кўрсатмалари олинган.
Фуқаро Х.Т.нинг вафот этгани юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йигитнинг ўлимидан сўнг ижтимоий тармоқларда йигитнинг ўзини юқоридан ташлаб, вафот этганига нисбатан шубҳалар пайдо бўлиб, норозиликлар билдирилди. Бунга жавобан Бош прокуратура фото-видео далилларни эълон қилди.
Бундан ташқари, ҳозирда ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви ўтказилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
“Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу ҳодиса бўйича турли асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда. Мазкур ҳодиса алоҳида назоратга олинган бўлиб, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишларингизни сўраб қоламиз”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь