Европада Эрдўғанни яна таҳқирлашди (видео)
Олам
−
16 Июнь 2023
16877Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кўринишидаги қўғирчоқ ҳамда Туркия байроғи ёқиб юборилди. Бу ҳақда “News Bulletin 247” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур намойиш Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги UBS банки биноси олдида Цюрих инқилобий иш ташлашлар жамоаси номли гуруҳ томонидан амалга оширилган. Шу билан бирга “Эрдўғанни (ўлдир)” дея ёзилган баннер ҳам кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, Европа бўйлаб бундай ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Аввалроқ Швецияда Эрдўған кўринишидаги қўғирчоқни оёғидан осишганди. Шундан сўнг Эрдўғаннинг адвокати Ҳусайн Ойдин Анқара прокуратурасига Швецияда Туркия раҳбарига қарши намойиш ташкилотчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш талаби билан мурожаат қилганди. Туркия ҳукумати эса Швеция мудофаа вазири Пол Ёнссоннинг 27 январга мўлжалланган Туркияга ташрифини Стокгольмда бўлиб ўтган намойишлар туфайли бекор қилганди. Бундан ташқари мамлакатнинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Швециянинг Стокгольмда ўтказилган митингни қоралаши етарли эмаслигини айтганди.
Бирин-кетин ўтказилаётган бундай митингларга Швециянинг НАТОга қўшилишига Туркия томонидан қўйиб келинган тақиқ сабаб бўлмоқда. НАТОда қарор қабул қилиш консенсус – ташкилотнинг ҳар бир аъзоси бир овоздан рози бўлиши асосида амалга оширилади. Бунда бир давлат, масалан, Туркия бирор қарорга “вето” қўядиган бўлса, ўша қарор қабул қилинмайди.
Маълумот учун 2022 йилнинг 18 май куни Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу жараённи дарҳол тўсиб қўйди ва бу давлатлардан PKK/PYD ва YPG'ни террорчи ташкилотлар деб эълон қилишни, террорчиликда айбланган ёки 2016 йилда мамлакатдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этган шахсларни экстрадиция қилишни ва уларни қўллашни тўхтатишни талаб қилди. Айнан шу талаблар бажарилишининг пайсалга солиниши, шунингдек, Дания, Швеция каби мамлакатларда ўтказилган намойишларда Туркия байроғи ва Қуръон китоби ёқиб юборилиши Туркиянинг Швецияни НАТОга қабул қилишга рози бўлмаслигига сабаб бўлиб келмоқда. Финляндия эса аллақачон альянсга қўшилган.
LiveБарчаси