“Навальнийнинг заҳарланиши”: Европа парламенти санкцияларни ишга солишга қарор қилди
Олам
−
17 Сентябрь 2020
5352Европа парламенти (ЕП) россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият туфайли Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни талаб қилди. Бу ҳақда ЕП депутатлари томонидан тасдиқланган резолюцияда айтилган.
“Европа парламенти қатъий равишда Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди текширувларига мувофиқ коррупцияга алоқадор шахсларнинг Европадаги активлари ҳақида маълумот тўплаш ва уни “музлатиш” имконини берувчи санкциялар механизмини ишлаб чиқишга чақиради”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, ЕП иттифоқнинг барча давлатларини “Шимолий оқим-2” газ қувурини қуриш ишларини якунлашдан бош тортишга ҳамда тезлик билан инсон ҳуқуқлари бузилгани учун манзилли санкциялар жорий қилишга чақиряпти.
Резолюцияда ЕИнинг Россия билан муносабатларини стратегик қайта баҳолаш ва Москвани G7 каби халқаро форумлардан яккалаш сиёсатини давом эттириш зарурлиги таъкидланади.
Бундан ташқари, зудлик билан ЕИ, БМТ ва Европа Кенгаши ва КҚТТ иштирокида Навальний билан боғлиқ вазият юзасидан халқаро суриштирув бошлаш талаб қилинган.
532 нафар парламентарий резолюцияни ёқлади, 84 нафари қарши бўлди ва 72 нафари ўз овозини бермади.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилган. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушган. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермади. Сиёсатчининг тарафдорлари бунда Кремлнинг қўли борлигини иддао қилди.
Навальний Берлинга олиб кетилгач, Германия Ҳукумати 2 сентябрь куни у “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Расмий Берлин Россиядан бу бўйича изоҳ талаб қилди. Франция ва Швециядаги мустақил лабораториялар ҳам Навальнийнинг таҳлилларини текшириб, у заҳарланганини тасдиқлаганди.
Москва эса Навальнийдан олинган таҳлил натижалари заҳарланишни кўрсатмаганини таъкидламоқда. Бу ҳам етмаганидек, Германиянинг айбловларига жавобан Россия Ғарб давлатлари ва НАТОни "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топишда айблади.
Шунингдек, "Reuters" агентлиги Навальнийни Омскдаги шифохонадан Германияга кўчириш учун рухсат бевосита Кремлдан келганини маълум қилди.
Ҳозирда Навальний хушига келган. У заҳарланганидан кейинги илк суратини итимоий тармоққа жойлаштирди.
LiveБарчаси