ЕИ 335 млрд евролик “яшил” фондни қурол ишлаб чиқаришга йўналтиради

Олам

image

Еврокомиссия Европа Иттифоқи мамлакатларига COVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодиётни тиклаш учун яратилган умумий фонддан қолган маблағларни мудофаа мақсадларига сарфлашга рухсат берди. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.

Нашрга кўра, 2021 йилда ташкил этилган 650 миллиард евролик Тикланиш ва мустаҳкамлик жамғармаси Европа Иттифоқи томонидан облигациялар чиқариш йўли билан молиялаштирилган. Дастлаб бу жамғарма маблағлари асосан иқлим ўзгаришига қарши кураш (37%) ва иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши (20%) каби соҳаларга, шунингдек, бошқа ислоҳотларга йўналтирилиши кўзда тутилган. Айни вақтда фондда тахминан 335 миллиард евро қолган бўлиб, эндиликда бу маблағларни мудофаа ва хавфсизлик йўналишларида ишлатиш мумкин.

Еврокомиссиянинг иқтисодиёт бўйича вакили Валдис Домбровскис янги мақсадлар билан илгари белгиланган яшил ва рақамли устувор йўналишларни уйғунлаштиришга уриниш сифатида Испаниянинг киберхавфсизликни мустаҳкамлаш режасини, шунингдек бошқа айрим давлатларнинг инқирозларга тайёргарлик бўйича инвестицияларини мисол сифатида келтирган. Шу билан бирга, у янги қоидалар аниқ мудофаа харажатларига қандай сарфланиши кераклигини белгиламаслигини қўшимча қилган.

Аъзо давлатлар 2026 йил августигача Еврокомиссия билан маблағлар сарфини мувофиқлаштириши ва қолган 335 миллиард евродан улуш олишлари мумкин. Шу билан бирга, Еврокомиссия Европарламент ва Иттифоқ давлатлари ҳукуматларидан Европа Мудофаа Саноати дастури регламентига ўзгартиш киритиб, фонд маблағларини умумий Европанинг мудофаа фондига бадал сифатида ишлатишга рухсат беришни сўраган.

Россиянинг ҳарбий таҳдиди остида мудофаа харажатларини тезда ошириш зарурати юзага келган бир пайтда, айрим давлатлар бу мақсадларни янги облигациялар чиқариш ҳисобидан молиялашни таклиф қилган. Аммо бунга қарши чиққанлар ҳам бўлган. Фонд маблағларини қайта йўналтириш эса амалда мудофаа харажатларининг умумий молиялаштирилишини англатади.

НАТО давлатлари айни пайтда мудофаа харажатларини ҳозирги 2 фоиз ЯИМдан 5 фоизгача ошириш режасини ишлаб чиқмоқда. Унинг 3,5 фоизи бевосита мудофаа учун, қолган 1,5 фоизи эса хавфсизликка оид бошқа соҳаларга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Британияни “урушга тайёр ҳолатга” келтиришга ваъда берган ҳамда 12 тагача янги ҳужумчи сувости кемасини қуриш, ядровий ҳамда бошқа қуролларга миллиардлаб фунт стерлинг сармоя киритиш режаларини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Еврокомиссия мудофаа ва хавфсизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг