Яна бир россиялик миллиардер Украинага қарши урушни қоралади
Олам
−
28 Февраль 2022
7834Давлатлар пулни урушга эмас, балки одамларни даволашга ва саратон касаллигини енгиш йўлларини топишга сарфлаши керак. Россиялик миллиардер Олег Тиньков шундай Украинадаги урушга шундай муносабат билдирди.
“Ҳозир Украинада ҳар куни бегуноҳ одамлар ўлмоқда, буни ақлга сиғдириб ва қабул қилиб бўлмайди! Давлатлар пулни урушга эмас, балки одамларни даволашга, саратон касаллигини енгиш учун тадқиқотларга сарфлаши керак. Биз бу урушга қаршимиз!”, деб ёзди тадбиркор ўзининг Instagram’ида.
Тиньков унинг фонди қон саратони билан касалланган одамларнинг ҳаётини сақлаб қолаётганини ёзган.
“Мен сўнгги 2 йил ичида деярли икки марта ҳаётнинг нариги томонига тушиб қолдим ва ҳаёт қанчалик нозик эканига амин бўлдим! Ва у бизда ягона”, деган Тиньков.
Аввалроқ, миллиардерлар Михаил Фридман ва Олег Дерипаска Украинага қарши урушни тўхтатиш кераклигини айтиб чиққанди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси