Яна бир иқтисодчи Акаевнинг Каримов ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов давридаги ёпиқ сиёсат қўшни давлатлар тадбиркорлари учун қўшимча имкониятлар яратганини айтган эди. Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсупов Акаевнинг мазкур фикрларига муносабат билдирди.

Юлий Юсуповнинг ёзишича, у қўшни давлатлардаги тадбиркорлар, амалдорлар ва оддий фуқаролардан Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда юритилган ёпиқ иқтисодий сиёсат туфайли ўзбек товарлари ва хизматлари уларнинг бозорларини эгалламагани, бу эса қўшни мамлакатлар учун иқтисодий имконият яратгани ҳақидаги фикрларни кўп бор эшитган.

Шу ўринда, у Каримов даври иқтисодий сиёсати ҳақида тарқалган бир латифани ҳам мисол келтирган. Унда Ўзбекистонда валюта конвертациясининг чекланиши, бозорлар ва хусусий бизнесга қўйилган тўсиқлар натижасида савдо, сармоя ва тадбиркорларнинг бир қисми Қозоғистонга йўналгани, бу эса қўшни мамлакат иқтисодиёти учун қўшимча имкониятлар яратгани ҳазиломуз тарзда тасвирланган.

Маълумот учун, Асқар Акаев 2005 йил 24 март воқеаларидан кейин Қирғизистонни тарк этган ва ўша йилнинг 3 апрелида расман истеъфога чиққан. 2021 йилда у “Қумтор” олтин кони бўйича жиноят иши доирасида кўрсатма бериш учун Қирғизистонга келган ва ўшанда лойиҳани амалга оширишда йўл қўйилган хатолар учун халқдан ошкора узр сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Холбоев ҳамда Беҳзод Ҳошимовлар Акаевнинг мазкур фикрларига жавоб қайтарган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг