Ўзбекистон ёпилмаганида, Қирғизистон ҳам бугунгидан бойроқ бўларди – иқтисодчи Акаевга жавобан
Жамият
−
30 июн 10879 2 дақиқа
Аввалроқ, Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов давридаги ёпиқ сиёсат қўшни давлатлар тадбиркорлари учун қўшимча имкониятлар яратганини айтган эди. Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Холбоев Акаевнинг мазкур фикрларига жавоб қайтарди.
Миркомил Холбоевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ёпиқ сиёсати мамлакатнинг ўзига зарар келтиргани шубҳасиз. Аммо бу ҳолат Қирғизистон ва Қозоғистонга фойда бергани ҳақидаги фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.
Унинг ёзишича, давлатлар ўртасидаги савдода асосий омил нисбий устунлик ҳисобланади. Шу боис бир мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланиши ёки очиқлиги қўшни давлатни камбағаллаштирмайди. Аксинча, савдо ва иқтисодий интеграция ҳар икки томонга фойда келтиради.
Иқтисодчи бунга мисол сифатида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо кўрсаткичларини келтирган.
“Масалан, 1996–2016 йилларда Қирғизистонда ўртача реал иқтисодий ўсиш 4,6 фоизни, аҳоли жон бошига номинал даромадлар ўсиши эса йилига ўртача 5,3 фоизни ташкил этган. 2017 йилдан кейин Ўзбекистон дунёга очилганидан сўнг эса Қирғизистонда ўртача реал иқтисодий ўсиш 7,4 фоизгача, аҳоли жон бошига даромадлар ўсиши эса 11,4 фоизгача тезлашган. Яъни Қирғизистон тарихидаги энг юқори иқтисодий ўсиш айнан Ўзбекистон очиқ сиёсат юрита бошлаган даврга тўғри келган. Шу билан бирга, бу жараён Ўзбекистонни ҳам камбағаллаштирмаган. Аксинча, 1996–2017 йилларда мамлакатимизда аҳоли жон бошига даромадлар ўртача 5,1 фоизга ўсган бўлса, 2017 йилдан кейин бу кўрсаткич 7,4 фоизгача тезлашган”, деб ёзган Холбоев.
Миркомил Холбоев хулоса қилиб, Ўзбекистон мустақилликдан кейин дунёга ёпилмаганида, катта эҳтимол билан нафақат Ўзбекистон, балки Қирғизистон ҳам бугунгидан бойроқ бўлиши мумкинлигини қайд этган. Унинг фикрича, қўшни давлатнинг ёпилиши эмас, балки очиқлиги ва интеграциялашуви бутун минтақа иқтисодиётининг ўсишига хизмат қилади.
Маълумот учун, Асқар Акаев 2005 йил 24 март воқеаларидан кейин Қирғизистонни тарк этган ва ўша йилнинг 3 апрелида расман истеъфога чиққан. 2021 йилда у “Қумтор” олтин кони бўйича жиноят иши доирасида кўрсатма бериш учун Қирғизистонга келган ва ўшанда лойиҳани амалга оширишда йўл қўйилган хатолар учун халқдан ошкора узр сўраган.
Live
Барчаси