Яккабоғдаги ҳодиса ўрганиб чиқилди. Муаммоли ер давлатга қайтарилади
Жамият
−
03 Март 2020
7188Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фермернинг ишчиси аёллар устига ёнилғи қуйиб сепиб юборишга урингани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳодиса бўйича Қашқадарё вилояти прокуратураси баёнот берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат туман ИИБдаги жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни руйхатга олиш китобида киримга олиниб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 январдаги 14-сонли қарорига асосан ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида “Ўрта” МФЙ, “Хусн” қишлоғи ҳудудидаги 499, 470, 487қ, 743қ контурларидаги 8 та фермер хўжалигига тегишли 11,5 гектар ер майдони туман ҳокимининг 2019 йил 24 январдаги қарорига асосан заҳира ер фондига қайтарилган.
Туман ҳокимининг 2019 йил 27 июлдаги Ҳ-4696/07-сонли қарори билан “Асқаров Музаффар Жабборович” фермер хўжалигига мазкур 11,5 гектар ер майдони қўшимча ажратиб берилган.
Туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан 2020 йил 27 январда “Асқаров Музаффар Жабборович” фермер хўжалигига ер майдонидаги олма ва бошқа дарахтлар замбуруғ ва бошқа касалликларга чалиниб, яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли дарахтларни кесиб, ўрнига интенсив боғ барпо этиш бўйича ёзма тавсия берилган.
Шунга кўра, “Асқаров Музаффар Жабборович” фермер хўжалиги 2020 йил 14 февралда самарасиз боғни бузишни бошлаб, 2020 йил 29 февраль соат 13:00 ларда боғни бузиш давом эттирилаётган вақтда, “Хусн” қишлоғида яшовчи боғнинг собиқ эгалари Т.Омонов, М.Мансуров ва бошқалар таёқ ва тош билан боғни бузишга қаршилик кўрсатиб, жанжалда иштирок этаётган аёллар 20 литрлик елим идишдаги 5 литрлар чамасидаги дизель ёқилғиси қолдиғини ҳайдов трактори устига сепмоқчи бўлганида ҳайдовчи Б.Нормўминов елим идишни аёллардан тортиб олиб, ёқилғи қолдиғини тўкаётганида қаршилик кўрсатаётган Ў.Бурхонованинг ҳам устига тўкилган.
Ҳайдовчи воқеа жойидан кетганидан кейин Т.Омонов ва бошқалар тарқалишган.
Ҳодиса юзасидан туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи ер низоси иштирокчилари билан учрашиб, “Асқаров Музаффар Жабборович” фермер хўжалиги раҳбарига боғни бузишни вақтинчалик тўхтатиб туриш ва ерга эгалик ҳуқуқи масаласи қайта кўриб чиқилиши тушунтирилган, тарафлар тушунтиришдан қаноатланган.
Ҳозирда, Вилоят прокуратураси ва ҳокимлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Яккабоғ туманидаги 2020 йил 29 февралдаги воқеа ҳолатлари ҳамда ерга оид қонунчилик ижроси аҳволи жойида ўрганилмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан мазкур ҳолат жойига чиқиб ўрганиш давомида “Асқаров Музаффар Жабборович” фермер хўжалиги раҳбари ихтиёрий равишда низоли 11,5 гектар ердан 8,2 гектарини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариш хусусида берган аризаси асосида кеча, 2 март куни туман ҳокимининг ерни майдонини заҳирага олиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланган.
LiveБарчаси