Венесуэла осмони қон тусига кирди (видео)

Олам

image

Венесуэладаги зилзиладан сўнг осмон қизил рангга кирди. Ноодатий ушбу ҳодисага янги геологик жараёнлар эмас, балки атмосферадаги чанг ва майда парчаларнинг зарралари томонидан қуёш нурининг сочилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда VTV давлат телеканали хабар берди.

Телеканалнинг қайд этишича, “Рэлей сочилиши” номи билан ҳам машҳур бўлган бу эффект ҳаводаги заррачалар консистенцияси юқори бўлганда, айниқса, зилзила кучли шамол ёки саҳродан чанг кириб келиши даврига тўғри келганда янада кучаяди.

Телеканал, шунингдек, бу каби ҳодисалар кўпинча яна янги зилзилалар ёки бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг даракчиси сифатида нотўғри талқин қилинишини қайд этган. Бироқ илмий нуқтаи назардан, бу атмосферанинг ҳаводаги кўп миқдордаги қаттиқ заррачаларга бўлган табиий реакциясидир.

Шу билан бирга, VTV бошқа бир феномен – “зилзила чироқлари” деб аталадиган ҳодиса мавжудлигини ҳам эслатиб ўтган. Улар ер қобиғи остида таркибида кварц бўлган жинсларнинг парчаланиши ва ишқаланиши натижасида юзага келади, бу эса электр зарядларининг пайдо бўлишига ва осмонда қисқа муддатли ёруғлик чақнашларига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июнь куни кечқурун Венесуэла шимолида бир дақиқадан камроқ вақт оралиғида магнитудаси 7,2 ва 7,5 га тенг бўлган иккита зилзила содир бўлди. Мамлакат расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, 1943 киши ҳалок бўлган, 10 571 киши жароҳатланган, яна 28 380 нафар жабрланувчи шифохоналар ва дала госпиталларида даволанмоқда.

“Reuters”нинг хабар беришича, 59 мингга яқин бино вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган, камида 16 минг киши бошпанасиз қолган, инсонпарварлик ташкилотлари эса озиқ-овқат, дори-дармон тақчиллиги ва юқумли касалликлар тарқалиши хавфидан огоҳлантирмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг