Велосипедда Умра зиёратига бориб, буюмларини ўғирлатган ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди
Жамият
−
21 Май
29742Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси дипломатлари кўмагида Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида қийин молиявий аҳволда қолган ўзбекистонлик оиласи бағрига қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Бош консулхона маълумотига кўра, фуқаро Г.М. Саудия Арабистонига Умра амалларини бажариш мақсадида борган турмуш ўртоғи А.Р. моддий томондан қийин аҳволда қолгани сабабли унга ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.
А.Р. Саудия Арабистонига Умра амалларини бажариш мақсадида Ўзбекистондан 30 март куни велосипедда йўлга чиққан. У Ўзбекистондан Россияга, у ердан Грузияга борган. Грузия чегарачилари томонидан у келган жойига, Россияга қайтариб юборилган. Шундан сўнг А.Р. "Владикавказ – Истанбул – Жидда" йўналиши бўйича Саудия Арабистонига етиб келган.
Маълум бўлишича, Маккада бўлган вақтида унинг буюмлари ва тегишли ҳужжатлари бўлган сумкалари ўғирлаб кетилган.
“Бош консулхона вакиллари Маккадаги ўзбекистонлик фуқаролар ёрдамида А.Р.ни топишга эришди ва унга Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома расмийлаштирилди. Шунингдек, фаол ватандошлар кўмагида “Мадина-Тошкент” йўналишидаги авиақатновга чипта сотиб олиб берилди. Юртдошимиз шу йил 17 май куни соғ-саломат оиласи бағрига қайтди”, дейилади агентлик хабарида.
LiveБарчаси