Вазирлик “Танзиландия” боғчасини судга берди (видео)
Жамият
−
28 Февраль
11764Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” номли хусусий боғча тарбиячилари болаларга ўта қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди, ота-оналар қонуний чора кўриш бўйича мурожаат қилгани ҳақида ҳам хабар берилганди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур боғча устидан тегишли қарор чиқариш учун судга мурожаат қилди. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ журналистининг саволига жавобан Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди.
“Танзиландия” бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан ташқари, бизга – вазирликка ота-оналардан ҳам мурожаатлар келиб тушган. Мурожаат келиб тушган куннинг эртасига вазирлик ишчи гуруҳи жойига чиқиб, вазиятни ўрганган ва тегишли далолатнома тузиб, ҳозирги кунда вазирлик томонидан қарор қабул қилиш учун судга мурожаат қилинган”, деди Сардор Ражабов.
Унинг айтишича, ўтган йили вазирлик томонидан хусусий мактаб, боғча ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларида ўрганишлар ўтказилган ва бир қанча боғча ва мактабларнинг лицензияси, мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг эса тасдиқномаси бекор бўлган. Лекин вазирликнинг ўзи уларни бекор қила олмайди. Вазирлик ўрганиш олиб боради ва судга беради. Агар вазирлик кўрсатган важлар ўз исботини топса, уларнинг лицензияси ва тасдиқномаси суд орқали бекор қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари томонидан ушбу ташкилот тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани, Юнусобод туманидаги “First Daycare” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга скотчлаб қўйгани ортидан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага сенатор сўрови юборганди.
LiveБарчаси