“Танзиландия”даги воқеа ортидан вазир Умаровага сенатор сўрови юборилди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” номли хусусий боғча тарбиячилари болаларга ўта қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Мазкур ҳолат ортидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.

Билдирилишича, республика бўйича жами 38 058 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, шундан 31 139 тасини нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Ҳозирда ушбу нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари билан 946 540 нафар бола қамраб олинган.

“Соҳада эришилаётган ижобий натижаларга қарамасдан, айрим муаммоларнинг юзага келаётганлиги ҳаммамизни бирдек ташвишга солмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги, 78-моддасида болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган”, дейилади хабарда.

Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар орқали айрим мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилаётганини кўриш мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага сенатор сўрови юборди.

Сўровда қайд этилишича, сўнгги вақтларда айрим нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари томонидан ушбу ташкилот тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилганлиги, Юнусобод туманидаги “First Daycare” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга скотчлаб қўйганлиги аниқланди.

“Бу каби салбий ҳолатларнинг сўнгги вақтларда кўпайиши мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга кўрсатилаётган таълим ва тарбия хизматлари ҳамда уларга яратилган шароитларни мониторинг қилиш қониқарсиз йўлга қўйилганлигини кўрсатмоқда. 
Ҳозирда республика бўйича 31 139 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва 6 919 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг юз бермаётганлигига ҳеч ким кафолат бермайди”, дейилади хабарда.  

Сенатор вазирдан мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларининг сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш беришни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

боғча сенатор Ҳилола Умарова Танзиландия First Daycare

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг