Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида референдум ўтказувчи участкалар ташкил этилади
Жамият
−
14 Июль 2022
3494Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан референдум ўтказувчи участка комиссиялари ташкил этилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси йиғилишида айтиб ўтилди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси кенг муҳокама қилинган ва тасдиқланган.
Иккинчи ярим йилликда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш Марказий сайлов комиссиясининг устувор вазифаси эканлиги белгиланди.
Мамлакатда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳатлар муносабати билан республикада ўтказиладиган референдумга пухта тайёргарлик кўришга доир масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Референдум жараёнларида кузатувчилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги ҳамда Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларнинг ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар фаолияти тартиби тўғрисидаги низомлар қабул қилинган.
Шунингдек, аввалги сайловларда хориждаги фуқароларнинг фаол иштирокини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг референдумда овоз беришда қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонунчилик палатасида шунингдек, қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган умумхалқ муҳокамаси натижасига кўра, тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиши маълумот учун қабул қилинган.
Бироқ июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган намойишлар сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси тугаш муддати – 5 июлдан 15 июлгача узайтирилилди.
LiveБарчаси