Ўзбекистонлик қутқарувчилар вайроналар остидан 12 кишининг жасадини олиб чиқди (видео)
Жамият
−
08 Февраль 2023
13070Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган эди. Ўзбекистонлик қутқарувчилар вайроналар остидан 9 нафар фуқарони қутқариб олди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугун 8 февраль соат 08:00 ҳолатига кўра, Туркияга етиб борган Ўзбекистон ФВВ бўлинмалари томонидан вайроналар остидан 9 киши (5 нафар эркак ва 4 нафар аёл) тирик ҳолда қутқарилган ҳамда 12 кишининг жасади олиб чиқилди. Шунингдек, қутқарувчилар 132 метр квадрат майдонда 430 метр куб вайроналарни тозалаш ишларини бажарган.
Аввалроқ Туркиядаги зилзила фожиаси фонида 13 нафар ўзбекистонликни қидириш ишлари давом этаётгани айтилган эди. Хусусан, табиий офат оқибатида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида ва Суриянинг бир қанча вилоятида 7,9 (дастлабки маълумотларда 7,4) магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Кейинроқ Туркияда яна 7,7 магнитудали зилзила юз берди. Қўшни Сурияда эса ҳалок бўлганлар сони 1444 нафарни ташкил этиб, 3530 киши яраланган эди.
LiveБарчаси