Ўзбекистонга келтирилган фаластинликлар учун махсус жамғарма тузилади

Жамият

image

Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликларнинг масалаларини ҳал этиш чора-тадбирларини молиялаштириш мақсадида юридик шахс мақомисиз махсус жамғарма ташкил этилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг шу тўғрисидаги таклифи кеча, 14 август куни қабул қилинган Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан маъқулланди.

Фармонга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз махсус жамғармани ташкил этилади. Махсус жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

  • юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро ташкилотларнинг грантлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар; 
  • махсус жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромад.

Махсус жамғарма маблағлари Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларнинг қуйидаги эҳтиёжларига йўналтирилади:

  • зарур шарт-шароитлар яратиш ва тегишли хизматларни ташкил этиш;
  • турли харажатларни қоплаш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;
  • моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш.

Ўрнатиладиган тартибга мувофиқ, махсус жамғарма маблағларини тасарруф этиш ҳамда харажатлар йўналишларига ўзгартириш киритиш Республика комиссияси қарори асосида амалга оширилади. Меҳмонларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан беғараз бериладиган мол-мулклар (уй-жой ва автомототранспорт) маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказилиб, Республика комиссияси томонидан тасарруф этилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаб, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини билдирган эди. Шундан сўнг QALAMPIR.UZ бунинг учун мамлакат тиббиёт тизими қай даражада тайёр эканига қизиқди ва Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланганди. У фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли эканини айтганди.

2024 йил 27 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра, эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон фаластинликлар махсус жамғарма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг