Ўзбекистон ва яна тўрт давлат ўзаро QR-тўловларни йўлга қўймоқчи
Жамият
−
16:27 298 2 дақиқа
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон Марказий банклари 2026 йил охиригача миллий QR-тўлов тизимларини интеграция қилиш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки хабар берди.
Қайд этилишича, келишув жорий йилнинг 22–23 октябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган марказий банклар вакилларининг IV минтақавий учрашувида эришилган. Унда Қозоғистон таклиф қилган тўлов инфратузилмаларини бирлаштириш ёндашуви қўллаб-қувватланган.
Тизим ишга туширилса, беш давлат фуқаролари хорижга сафар қилганида ўз банкининг мобил иловаси орқали QR-код ёрдамида товар ва хизматлар учун тўловни амалга ошириши мумкин бўлади. Шунингдек, реал вақт режимида давлатлар ўртасида пул ўтказмалари ҳам йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Қирғизистон Миллий банки маълумотига кўра, томонлар қўшма баённома имзолаган ва марказий банклар ҳамда миллий тўлов тизимлари операторлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузишга келишган. У интеграциянинг техник ва ҳуқуқий шартларини белгилайди, тўлов маълумотларини алмашиш форматлари ҳамда хавфсизлик талабларини келишади. Шунингдек, тизимни босқичма-босқич жорий этиш бўйича йўл харитасини тайёрлайди.
Учрашувда Қозоғистон телефон рақами орқали пул ўтказиш ва QR-код ёрдамида тўлов қилиш имконини берувчи банклараро мобил тўлов тизими тажрибасини ҳам тақдим этган.
Томонлар тўлов инфратузилмасини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш, молиявий фирибгарликка қарши курашиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш ва рақамли активларни тартибга солиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Трансчегаравий QR-тўловлар қачон ишга туширилиши ҳозирча маълум эмас. 2026 йил охиригача миллий тизимлар ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Live
Барчаси