Ўзбекистонга газ етказиш узилгани ортидан “Туркмангаз”нинг олти мансабдори ҳибсга олинди
Олам
−
07 Февраль 2023
34533Туркманистондаги энг йирик “Галкиниш” конида содир бўлган авария ва Ўзбекистонга газ етказиб бериш жараёнининг тўхтаб қолгани ортидан “Туркмангаз”нинг олти нафар мансабдори ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Turkmen.news” хабар берди.
Қайд этилишича, “Туркмангаз” давлат консернида олти киши, жумладан, Моддий-техника ресурслари ва асбоб-ускуналар бошқармаси раҳбари Шоҳрат Аждаров ва “Туркмангазакдириш” уюшмаси (“Туркментрансгаз”) раҳбари вазифасини бажарувчи Шоҳрат Чопанов ҳибсга олинган.
Улар “Галкиниш” газ конида юз берган авария ва Ўзбекистонга газ ёнилғи етказиб беришнинг тўхтаб қолиши учун мансабдор шахслар айбдор деб топилмоқда.
Turkmen.news’нинг мамлакат ҳукуматидаги манбасига кўра, “Туркмангаз” раҳбари Ботир Аманов ва унинг ўринбосари Отамурод Чарев ҳозиргача жазодан қутулишга муваффақ бўлган. Аммо айнан улар “Туркмангаз” фаолиятидаги муваффақиятсизлик ва халқаро бозордаги мавқеини йўқотган асосий айбдорлар ҳисобланиши маълум қилинган.
Бош прокуратура текшируви шуни кўрсатдики, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Галкиниш” конидан Ўзбекистонга газ етказиб бериш мажбурий тўхтатилгани ортидан олти кун давомида етказилган зарар миқдори 59,7 миллион долларни ташкил қилган.
Бундан ташқари, Туркманистонни Хитойга газ етказиб бермагани учун жарима кутмоқда.
“Хитой бундан иқтисодий режаларини амалга ошириш учун фойдаланади. Хусусан, Хитой конни янада ривожлантиришга, яъни қудуқларни бурғулаш ва газ тозалаш иншоотларини қуришга аллақачон эътибор қаратган. Катта эҳтимол билан улар ушбу шартномаларни олишлари мумкин. Бундай сценарийда Туркманистон келгуси ўн йиллар давомида Хитойга ўз газини арзон нархларда бериши керак бўлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Галкиниш” конида авария жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган аномал совуқнинг энг юқори чўққисида, паст сифатли қуритиш датчиклари ишламай қолганда содир бўлган эди. Бунинг оқибатида 12 январь куни Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни тўхтатган эди. Шундан сўнг, 21 январдан бошлаб, Туркманистон Ўзбекистонга газ экспортини тиклаб, 4,8 млн куб метр газ етказиб берган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг 4 февраль куни Туркманистон Президентининг фармони билан Туркманистон Ўзбекистонга дўстона ва биродарликни қўллаб-қувватлаш мақсадида бепул суюлтирилган газ бериши ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси