Ўзбекистонда 10 минг қадам юрганларга қимматбаҳо совғалар берилади
Жамият
−
13:50 391 2 дақиқа
Ўзбекистонда кун давомида камида 10 минг қадам юрган фуқароларни рағбатлантиришга қаратилган “Ўн минг қадам пиёда” акцияси йўлга қўйилади. Унда бир йил давомида энг кўп қадам босган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўн минг қадам пиёда” акциясини амалга ошириш ва рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳасида белгиланган.
Унга кўра, акцияда 18 ёшга тўлган ва ундан катта Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий равишда қатнашиши мумкин. Бунинг учун улар “Экофаол фуқаро” платформасининг мобил иловасини юклаб олиб, рўйхатдан ўтиши керак. Қадамлар сони телефоннинг ўзидаги ҳисоблагич орқали аниқланади.
Иштирокчилар фақат битта аккаунт ва битта қурилмадан фойдаланиши мумкин. Уларнинг кунлик натижалари соат 00:00 дан 23:59 гача ҳисобга олинади.
Акция доирасида бир йил давомида ҳар куни камида 10 минг қадам юрган фуқаролар орасидан энг юқори натижа кўрсатганлар аниқланади. Республика бўйича энг кўп қадам босган уч нафар иштирокчи, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда юқори натижа қайд этган фуқаролар алоҳида тақдирланади.
Ғолиб ва совриндорларга ҳар йили декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан қимматбаҳо совғалар топширилади. Ғолиблар натижалари платформада очиқ эълон қилиб борилади.
Шу билан бирга, қадамлар сонини сунъий ошириш, бошқа шахснинг аккаунтидан фойдаланиш, югуриш йўлаги, автомобиль, велосипед, самокат ва бошқа техника воситалари ёрдамида натижани кўпайтириш тақиқланади. Бундай қоидабузарликлар аниқланса, иштирокчи акциядан четлаштирилади ва унинг натижалари бекор қилинади.
Иштирокчилар натижалари ғайритабиий юқори бўлса, сунъий интеллект ёки автоматлаштирилган дастурлардан фойдаланиш аломатлари аниқланса ёхуд бошқа фуқаролардан мурожаат келиб тушса, оператор уларни текшириши мумкин.
Жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 13 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Унда аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш мақсадида “10 минг қадам пиёда” ташаббусини қайта тиклаш режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Live
Барчаси