Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида 25 километрлик навбат юзага келди (видео)
Олам
−
18:35 1107 2 дақиқа
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юк машиналари навбати 25 километрга етди. Ҳайдовчиларнинг айтишича, чегарадан ўтиш учун кутиш вақти уч суткагача чўзилмоқда. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Қайд этилишича, узоқ масофага қатновчи ҳайдовчилар нафақат узоқ кутишдан, балки чегара пунктига олиб борувчи йўлларда ҳожатхоналар ва оддий маиший шароитлар йўқлигидан ҳам шикоят қилмоқда. Шунингдек, айрим юк машиналари умумий навбатни четлаб ўтаётгани айтилмоқда.
Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси (ДДҚ) юзага келган вазиятни юк оқимининг кўпайиши ва электрон навбат тизимининг ишлаш хусусиятлари билан изоҳламоқда.
Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида автомобиллар оқими 16,2 фоизга ошиб, 741,5 мингтага етган. Бу даврда “Б. Қонисбаев” ўтказиш пункти орқали 321 мингта автомобиль ҳаракатланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоиз кўп.
Ҳозирда мазкур пунктнинг лойиҳавий қуввати бир суткада 1 мингта автомобилни ўтказишга мўлжалланган. Бироқ амалда у 1,5 мингтагача машинага хизмат кўрсатмоқда.
Идоранинг маълум қилишича, пункт одатий тартибда ишламоқда. Фураларнинг тўпланиб қолишига сабаблардан бири сифатида CarGoRuqsat тизими орқали навбатни кеч банд қилиш кўрсатилган. Айрим ташувчилар чегарага олдиндан навбат олмасдан бориб, уни шу ернинг ўзида расмийлаштирмоқда. Оқибатда улар белгиланган вақтни кутишга мажбур бўлмоқда.
Шу билан бирга, 3 ноябрь куни эрталаб тизимда “Б. Қонисбаев” пункти орқали чегарадан ўтиш учун 130 та бўш ўрин (слот) мавжуд бўлган. ДДҚга кўра, айрим ҳайдовчиларнинг узоқ вақт кутиши барча ташувчилар навбатда бир неча суткалаб турибди, дегани эмас.
Тирбандликни камайтириш мақсадида расмийлар транспортнинг бир қисмини “Атамекен – Гулистон” ва бошқа ўтказиш пунктларига йўналтиришни режалаштирмоқда.
Live
Барчаси