Ўзбекистонга 4,4 минг, Қирғизистонга 19,6 минг гектар. Чегара бўйича келишув тафсилотлари очиқланди
Олам
−
10 Октябрь 2022
50018Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарани делимитация қилиш бўйича келишув тафсилотларини очиқлади.
Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитасининг 10 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишида у имзоланган келишув натижаларига кўра Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон эса 19699 гектар ер олишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, қуйидаги ерлар Қирғизистонга ўтди:
• Ғовасой ҳудуди – 12 949 гектар;
• Ола-Бўка туманидаги Кўк-Серек қишлоғи – 105 гектар;
• Ола-Бўка туманидаги Баястан қишлоғи – 212 гектар;
• Унгар-Тоо тоғи – 35 гектар;
• Қорасув туманидаги Оқтош қишлоғи – 100 гектар;
• Ола-Бўка туманидаги Қора-Белес қишлоғи – 25 гектар (аввал Ўзбекистон таркибида бўлган);
• Шаҳрихонсойнинг бир қисми – 19,5 гектар (каналнинг боши Ўзбекистон яқинида);
• Сўзак туманидан қўшимча 500 гектар;
• Ўзган туманидан қўшимча 500 гектар;
• Ўрта-Тўқай сув омбори – 1 009,5 гектар (тўлалигича);
• Ола-Бўка туманидаги Биринчи май ва Кўксерек қишлоқлари – 1 307 гектар;
• Оқсой туманидаги “Аэропорт”, Жетиген ва Кербен қишлоқлари – 571 гектар;
• Ноокен туманидаги Шамалдисой қишлоғи – 1 088 гектар;
• Аравон тумани – 148 гектар;
• Қадамжой туманидаги Кўкдала ва Пилдириқ ҳудудлари – 1 013 гектар.
Шу билан бирга, Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, Кампиробод сув омбори остидаги 4485 гектар майдон Ўзбекистонга берилган. Сув ҳажмининг горизонтал сатҳи 908 метрдан 900 метрга туширилгач, 1246 гектар майдон бўшаган, улар Қирғизистонга ўтди.
“Авваллари Кампиробод тўғонига кириш фақат Ўзбекистон фуқаролари учун эди. Энди қўшма бошқарув бўлади: Қирғизистон ва Ўзбекистондан тўрт киши. 70 йил давомида сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон мустақил равишда қабул қилган. Энди Қирғизистон фуқаролари сувдан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўладилар: улар суғориш, чорва молларига сув бериш, балиқ овлаш ва ҳатто насос билан сув тортиш имкониятига эга бўладилар. Ўзбекистон муҳандислик иншоотларини ўрнатолмайди”, дейди Ташиев.
Умумий ҳисобда Ўзбекистон 4 485 гектар, Қирғизистон 19 699 гектар ер олган.
“Биз ғолиб бўлдик деб айта олмайман, лекин бир метр ҳам бекрмадик. Аксинча, муаммоли бўлган қўшимча ерларни олдик. Баъзилар ёмон ерлар олдик дейишяпти, лекин аслида жуда яхши, унумдор ерлар. У ерда ҳатто олтин ҳам бор. Ўзбекистон ўз вақтида олтита лицензия берган. Шунга қарамай, биз бу ерларни олдик”, дейди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Шартнома ратификация қилинганидан кейин Қирғизистон харитаси 15 806 гектарга кўпаяди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга бориб, чегара борасида келишувни бошлаш тўғрисидаги баённомани имзолаганди.
Кейинроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзаро чегараларни келишиш давомида расмий Бишкек баҳсли ерларнинг 99 фоизини олганини ва ўз ерларини Ўзбекистонга бермганини айтиб чиқди.
Ўзбекистон томони чегара келишуви масаласида чуқур сукут сақламоқда. Чегаралар ўзгариши борасида маълумот берилмаяпти.