Баҳсли ҳудудлар 99 фоиз бизга ўтказилди – Жапаров Ўзбекистон билан чегара келишуви ҳақида
Олам
−
06 Октябрь 2022
25245Қирғизистон ва Ўзбекистон Кампиробод сув омборини биргаликда назорат қилади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Facebook’даги саҳифасида ёзди, деб хабар бермоқда қирғиз матбуоти.
Унга кўра, Ўзбекистон билан чегара бўйича келишув тафсилотлари парламентда ратификация қилинганидан кейин маълум бўлади.
“Худо хоҳласа, тез орада шартнома имзоланади ва Жогорку Кенеш томонидан ратификация қилинади. Шундан сўнг чегаранинг қайси участкалари бизга ўтганини эълон қиламиз. Бир оз кутинг. Барча баҳсли ҳудудлар 99 фоиз бизга ўтказилди. Агар илгари Ўзбекистон Кампиробод сув омборини назорат қилган бўлса, энди тенг улушли қўшма корхона ташкил этилади ва биз биргаликда тўғонни бошқарамиз. Биз сув сатҳини пасайтирдик ва ўзимизга ўтказилаётган 1246 гектар ерни бўшатиб олдик”, деб ёзади Жапаров.
Давлат раҳбари қирғиз-ўзбек чегараси бўйича келишувга оид барча маълумотларни тақдим этганда, халқ раҳмат айтишини таъкидлади.
“Қолган чегара участкалари ҳақида кейинроқ хабар берамиз. Ушбу янгиликни қувонч билан қабул қилинг, сизда ҳеч қандай шикоят бўлмайди, фақат миннатдорлик билдирасиз. Бир сантиметр ер ҳам берганимиз йўқ. Аксинча, улар шундай қилишди. Бизнинг қароримиз тўғри ва қирғиз халқи манфаатига тўғри келганини тарих 100 йилдан кейин кўрсатади. Қарқирани, Тўрткўчони берган хоин эмасмиз. Шунинг учун мен қаттиқ огоҳлантираман: Кампиробод масаласи атрофида халқни ҳаяжонга солаётганлар инсофга келсин. Ҳуқуқ-тартибот идораларига халқни гижгижлаётганларга нисбатан қаттиқ чоралар кўришни буюраман. Ва тантиқликнинг ҳам чегараси бор. Чизиқни кесиб ўтманг”, дея қўшимча қилган у.
Садир Жапаров Кампиробод сув омборини сақлаб қолиш тарафдори бўлган фуқароларни Ўзган вилояти ҳокимлигига таклиф қилган.
“Биз исталган вақтда ҳужжатларни кўрсатишга ва уларга ҳамма нарсани тушунтиришга тайёрмиз. Кечаги йиғилишда саккиз кишидан ташқари кўпчилик бизни қўллаб-қувватлади. Албатта, ким қарши эканлигини ва уларнинг мақсадини биламиз. Ёвуз ниятларингиздан воз кечинг”, деб ёзади Президент.
Ўзбекистон томони қўшни давлат билан чегара масаласида қандай келишувга эришилгани ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот бермаган. Ҳудудлар борасида қандай ўзгаришлар бўлаётгани фуқаролар учун ёпиқ мавзулигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга бориб, чегара борасида келишувни бошлаш тўғрисидаги баённомани имзолаганди.